Тошкент вилоятининг халқаро ва давлат аҳамиятига эга бўлган автомобиль йўлларида махсус автоматлаштирилган фото ва видео қайд этиш техника воситалари (радарлар) онлайн режимда мунтазам ишлаб келмоқда, деб ёзади ЎзА.
2019 йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят ҳудудида жойлашган бу радарлар орқали тезликни меъёридан ошириш ҳолати бўйича 79 минг 256 қоидабузарлик аниқланди.
Ҳозирги кунда ушбу қоидабузарлик юзасидан белгиланган жарималардан 20 минг 530 транспорт воситаси эгасининг манзилларига жарима қоғозлари етказилганига қарамасдан қонунда белгиланган тартибда жарималарни тўламаган.
Ушбу рақамларни ҳисобга олиб, белгиланган жарималарни ўз вақтида ундириш мақсадида 31 июль куни вилоят ҳудудида Тошкент вилояти Йўл ҳаракати хавфсизлиги бошқармаси ва Тошкент вилояти прокуратураси ҳузуридаги Мажбурий ижро бюроси ходимлари билан ҳамкорликда «АУТО CОН» ускунаси ёрдамида 60 кун муддат ичида радарлар орқали аниқланган жаримани тўламаган қоидабузар ҳайдовчилар аниқланиб, 157 ҳайдовчининг транспорт воситаси вилоят ҳудудида жойлашган жарима майдонларига жойлаштирилди.
Эслатиб ўтамизки, Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 291-моддаси талаблари асосида 60 кун муддат ичида жарималарни тўламаслик, жарима тўлагунга қадар транспорт воситасини жарима майдонига қўйишга асос бўлади.
Изоҳ (0)