Тошкент вилояти ҳокимлигининг 2019 йил 19 июль кунидаги 442-ф-сонли фармойишига асосан «Ҳаракат хавфсизлиги ойлиги» тадбири доирасида газда ишлаш учун қайта жиҳозланган транспорт воситаларида содир бўлиши мумкин бўлган нохуш ҳолатларнинг олдини олиш мақсадида рейд тадбирлари олиб борилмоқда, бу ҳақда Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ матбуот хизмати «Дарё»га маълум қилди.
Тадбирлар давомида жами 41 та турли кўринишдаги қоидабузарликлар аниқлаган бўлиб, улардан 13 тасининг газ баллони навбатдаги синов муддати ўтганлиги, 21 нафар ҳайдовчиларнинг газ мосламаларига оид ҳужжатлари ёнида мавжуд бўлмаганлиги ҳамда 7 та ҳолатда ноқонуний равишда газ баллони ўрнатган ҳолда ҳаракатланиш қоидабузарликларини ташкил этади.
Шунингдек, рейдлар давомида Юқоричирчиқ туманидаги «Павлон Петрол» МЧЖ газ қуйиш шохобчасида «ВАЗ-2103» русумли, давлат рақам белгиси 10E985DА, «ГАЗ-2410» русумли, давлат рақам белгиси 10Х075JА бўлган транспорт воситалари газда ишлаш учун қайта жиҳозланганлиги тўғрисидаги тегишли ҳужжатлари мавжуд бўлмаса-да, газ қуйиш шохобчаси операторлари томонидан газ ёқилғиси қуйиб берилган.
Бундан ташқари, Янгийўл туманидаги «Ҳамкор Газ Сервис» МЧЖдан газ ёқилғиси қуйиб чиқаётган транспорт воситаларининг техник ҳолати, газга оид ҳужжатлари мавжудлиги назорат тариқасида автомобиль йўлида тўхтатилиб ўрганилганда ҳайдовчи И.Назаров бошқарувидаги Nexia русумли, 10Q787SА давлат рақам белгили транспорт воситасига ўрнатилган газ баллонига 240 атмосфера босимида газ қуйиб берилганлиги, ҳайдовчи Б.Максудов бошқарувидаги Ваз-2106 русумли, 10Q812YA давлат рақам белгили транспорт воситасига ўрнатилган газ баллонининг ҳужжатлари бўлмаса-да, мазкур жамият операторлари томонидан газ ёқилғиси қуйиб берилганлиги маълум бўлди.
«Ҳурматли ҳайдовчилар, йўлларда ҳаракатланишда ҳамда газ қуйиш шохобчаларида бефарқ бўлмайлик, зеро ўзгалар ҳаёти учун ҳам масъул эканлигингиз ёддан чиқмасин, оддийгина ёки кичкинагина туюлган камчилик катта нохуш ҳолатларга сабабчи бўлиши мумкин», — деб таъкидлайди Тошкент вилояти ИИББ ЙҲХБ.
Изоҳ (0)