«Дарё»ни Telegram’да ўқинг! Join!
09:57, 22.07.2019 53433

«Мафия ўлмасдир». «Чўқинтирган ота» романи ҳақида

«Дарё» колумнисти Нурбек Алимов «Жаҳон адабиётининг энг буюк асарлари» лойиҳаси доирасида машҳур бадиий асарларни таҳлил қилишда давом этади. Бу ҳафта у Марио Пьюзонинг «Чўқинтирган ота» романи ҳақида ҳикоя қилади.

Флешбек

Ушбу асар илк бор талабалик даврларимда қўлимга тушган эди. Ҳамма ўсмир йигитларда бўлгани каби, менда ҳам мафия романтикасига қизиқиш даври бўлиб ўтган. Хонадош дўстим билан бўш қолдик дегунча мафия ҳақида кинолар кўрар эдик. Кунлардан бир куни у Марио Пьюзонинг «Чўқинтирган ота» китобини кўтариб келди. Биз бу мавзуга шу даражада берилиб кетган эдикки, кинолардан олаётган ахборотимиз етишмаслиги ва мавзу бўйича яна ҳам кўпроқ контентга очлик ҳиссини туяр эдик. Шу сабаб ҳам китобларини ҳам топиб ўқишга киришган бўлсак керак. Ушбу китобни ўқиб чиққач, кино қанчалик зўр ишланган бўлмасин, ҳеч қачон китоб бўла олмаслигини ҳис қилганман.

Китоб шу даражада қизиқ эдики, дарсдан келибоқ ким биринчи ташланса, китоб ўшаники эди. Ҳаттоки мен келсам, у қаҳрамонларча китобни эгаллаб олган бўлса, «Бир дақиқага бериб тургин, ҳозир шу еридаги гапини киносига солиштириб олай» деб олиб, ўзим кўчага қочиб кетар эдим. Боғга кириб, бир баклажка сув ва севимли китоб билан Америкага, Нью-Йоркнинг 40 йилларига саёҳатга кириб кетардим...

Роман ҳақида

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

«Чўқинтирган ота» – америкалик машҳур ёзувчи Марио Пьюзони дунёга танитган асари. Роман 1969 йилда чоп этилган. Асар АҚШдаги ўта нуфузли жиноий синдикат – мафия клани ҳақида ҳикоя қилади. Шу даражада ишонарли ва усталик билан ёзилган ушбу асар ўқувчининг ҳаётига хавф солмаган ҳолда мафиозиларнинг энг қоронғу хоналаригача кириб боришига йўл очиб беради. Британия криминалист ёзувчилари ассоциацияси талқинига кўра, дунёнинг энг буюк криминал асарлари юзталик рейтингига киритилган. Асар асосида 1972 йилда режиссёр Фрэнсис Форд Коппола бош ролларда Марлон Брандо ва Аль Пачино ўйнаган фильмни суратга олган. Бу фильм ҳам жуда кўплаб мукофотлар олган ва ҳозирда дунё киноматографияси тарихидаги кинолар ичида ИМДБ томошабинлар рейтинги бўйича 2-ўринда турибди.

Сюжет

12 ёшли Вито Андолинининг отасини Сицилия мафияси билан келишмовчиликлардан кейин ўлдириб кетишади. Мафия уни ҳам таъқиб қилишни бошлагач, уни Америкага жўнатиб юборишади. АҚШга келгач, у ўз фамилиясини туғилиб ўсган қишлоғи номига Корлеоне деб ўзгартиради. Ёш Вито дўсти Женко Аббандандонинг отасини дўконида ишлай бошлайди. 18 ёшида уйланади, уч йилдан сўнг ўғил кўради ва унга Сантино (Сонни) деб исм беради. Кейин иккинчи ўғли Фредерико (Фредди) туғилади.

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

Дўкончилардан пул йиғиб юрадиган Фануччи исмли гангстер Витонинг ўрнига ўз жиянини ишга жойлаб, Витони ишсиз қолдиради (классик таниш-билишчилик тизими амалда). Адолатсизликка чидай олмаган Вито оч оиласини боқиш учун дўсти Клеменсе ва Тессио билан биргаликда ипак кўйлаклар ташувчи юк машиналарини ўмариш мақсадида бирлашади. Бу орқали келган пулдан яна ўша рекетчи Фануччи ўз улушини талаб қилган пайтда Вито уни ўлдиради. Бу хабар ортидан жиноий гуруҳлар орасида унинг ҳурмати ошиб кетади. Шу даврдан бошлаб оқкўнгил Вито жиноятчилик оламига шўнғиб кетади.

Фануччининг «мижозлари» ҳам ўз-ўзидан Вито Корлеоне қўлига ўтади. Дўсти Женко Аббандандо билан биргаликда зайтун мойи сотувчи савдо уйига асос солади. Уларнинг мойини сотиб олишдан бош тортган дўкончилар билан эса Клеменсе ва Тессио шуғулланади. «Бехосдан» омборлари ёниб кетади, норозилар йўқолиб қолади... АҚШда амалга кирган «Қуруқ қонун», яъни алкогол ишлаб чиқариш ва сотиш тақиқланган даврларда Вито савдо уйи орқали спиртли ичимликлар контрабандаси билан шуғулланади. «Қуруқ қонун» бекор қилингач эса казинолар бизнесига ўтади. Йиллар ўтгани сари унинг империяси кучайиб бораверади, жуда кўп одамларни иш билан таъминлайди ва уларнинг барини полициядан ҳимоя қилиб, яшаш учун яхши шароитлар қилиб беради. Ҳурмати ошган сари исмига «Дон» унвонини қўшиб атай бошлашади. Уни ҳурмат қилиб «Чўқинтирган ота» дейишади.

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

Вақтлар ўтади. Дон Корлеоненинг тўрт фарзанди бор; ундан ташқари, Том Хейген исмли етим болани ҳам асраб олади. Сонни 16 ёшидан отасининг қўлида ишлай бошлайди. Аввалига тансоқчи, кейин Клеменсе ва Тессио каби оиланинг қуролланган отрядларидан бирининг бошлиғи сифатида. Кейинчалик Фредди ва Томми ҳам «оилавий бизнес»га қўшилади.

Дон Корлеоне қурол кучи билан эмас, дипломатия йўли билан олиш кераклигини биринчилардан тушунган мафия сардори эди. Нью-Йорк жиноят олами вакилларини бирдамликка чақирар эди. Ташқи дунёда Иккинчи жаҳон уруши бошланган бўлсада, Доннинг олиб борган ишлари натижасида Америка жиноят оламининг ички дунёси нисбатан тинч эди. Фақатгина бир нарса Донни хафа қилади – унинг энг кичик ўғли Майкл, отасининг ғамхўрлигига қарамасдан, ўз хоҳиши билан кўнгилли сифатида урушга кетади. Уруш даврида капитан даражасигача кўтарилади. Урушдан қайтиб келгач, яна ҳеч ким билан маслаҳатлашмасдан университетга ўқишга киради.

Романнинг асосий қисми 1945 йилдан бошланади. Доннинг ягона қизи Констанция (Конни) турмушга чиқади. Дон Корлеонега бўлажак куёви Карло Рицси ёқмайди. Лекин унга Манхеттендаги букмекерлик контораларидан бирини беради (кўряпсизми, бундай ҳолатлар мафияга ҳам хос).

Филипп Татталя ва Виргилио Солоццо оилалари Дон Корлеонега биргаликда наркобизнес билан шуғулланишни таклиф қилганида у бунга рози бўлмайди. Чунки бу унинг принципларига қарши эди. Лекин катта ўғли Сонни бу ишга қизиқиш билдиради.

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

Уч ойдан сўнг Доннинг ҳаётига суиқасд уюштирилади. Қотиллар яширинишга муваффақ бўлади. Суиқасд чоғи Доннинг тансоқчиси бўлиб ишлаётган ўртанча ўғли лапашанг Фредди қўрқиб кетганидан ҳатто қуролини ҳам чиқара олмайди. Солоццо одамлари Доннинг асраб олган ўғли Том Хейгенни асирга олади. Унга Дон Корлеоне ўлдирилгани, катта ўғли Сонни эса янги Дон бўлишини ва наркотик савдосини йўлга қўйиши кераклигини айтишади. Бу масалада Хейген ўртакаш бўлиши керак эди. Аммо янги хабарлар келади: бешта ўқ еган бўлсада, Дон ҳали тирик эди.

Сонни ва Солоццо ўртасида узоқ музокаралар бошланади. Бу вақтда Сонни Татталянинг ўғли ва Солоццонинг одамини ўлдириб, «ҳисобни тенглаштиради». Оила бошига келган бундай қийин кунларда кенжа ўғил Майкл қайтиб келиб, улар билан бирга бўлишни ўз бурчи деб билади.

Кунларнинг бирида касалхонага келган Майкл Доннинг палатасини қўриқлаётган йигитлари йўқолиб қолганини сезади. Демак, ҳозир Солоццо отасини тамоман ўлдириш учун келиши керак... Майкл тезда акаси Соннига қўнғироқ қилади ва улар етиб келгунча касалхона кираверишига яхшилаб жойлашиб олиб кута бошлайди...

Асарнинг энг қизиқ ва кулминацион қисми воқеаларини ўқимоқчи бўлганларга қолдираман.

Таҳлил

Мен бу китобни жуда яхши кўраман. Марио Пьюзо жуда енгиллик билан италян мафияси оламига олиб киради. Асарда Дон Корлеоне ва Майкл Корлеонелар бош қаҳрамонга ўхшаса-да, назаримда, ҳақиқий бош қаҳрамон йўқдай. Лекин кўпгина ёрқин қаҳрамонлар бор. Ҳар бир персонажнинг ўз тарихи бор ва у шу даражада мукаммал ёритилганки, гўёки сен улардан ҳар бирининг бутун умрини бирга яшагандайсан. Ҳаттоки учинчи даражали қаҳрамонларнинг ҳам ўтмишини билиб ўтамиз. Буларни билишнинг нима кераги бор, деб ўйлайсан бошида, аммо асар давомида муаллиф буни ёритмаганида, кўп воқеалар ипини йўқотиб қўяр эканман, деб ўйлайсан. Шу сабаб ёзилган ҳамма тарихлар бекорга эмас, ҳаммаси пухта ўйланган ва, назаримда, Пьюзонинг ўзи асар муқовасидаги қўғирчоқбоз: у ўз қўғирчоқларини шундай енгил ҳаракатлар билан ўйнатадики, ҳеч нарса бирданига юз бермайди. Ҳамма нарса ўз вақти соатини кутиб туради. Асар давомида персонажларнинг ва, энг қизиғи, Нью-Йорк шаҳрининг трансформациясига гувоҳ бўлишингиз мумкин.

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

Бу каби асарлардан ўқувчи драйвдан бошқа яна нима олиш мумкин? Ҳамма нарса бемаънавият ва зўравонликлардан иборат бўлса деб ўйловчилар ҳам борлигига ишончим комил. Лекин биз асар контексти ва у ердаги одамлар архетипидан келиб чиқиб ёндошишимиз керак. Мисол учун, ҳозиргача жамиятимизда айрим жабҳаларда бўлаётган ишлар шу классик мафия услубида намоён бўлишда давом этмоқда. Таниш-билишчилик, «муомаласини қилиш», коррупция, порахўрлик, олигарх манфаатларига ишлаш каби ҳолатлар мавжуд. Оилаларда аёлларга зўравонлик қилиш ҳали ҳам бор, лекин буни ҳозирда муҳокама қилишади ва аёлларнинг ҳуқуқлари таъминланади. Роман муаллифи бу нарсалар ҳақида эркин гапиради ва бу муаллифга ўқувчининг ишончини оширади. Бутун китоб Американинг 40 йилларини ўз ичига олган бўлса-да, бу нарсаларга ўша даврда ёвуз жиноятчилар кирдикорлари деб қаралса-да, аслида китобдаги айрим ҳодисалар XXI асрнинг 10 йилларида ҳам рўй бермоқда, фақат биз эътибор бермаймиз.

Деталларнинг тўлиқлиги, қаҳрамонларнинг ёрқинлиги диққатга сазовор. Асарнинг якуни эса жуда кучли ва қизиқарли. Ўйлаш учун ўнлаб саволлар ташлаб кетилади.

Дон Корлеоненинг инсонийлик тарафларини ҳурмат қиласан, айрим қарорларидан жирканиб кетасан, муаллиф бу қаҳрамон ёрдамида сени икки ўт орасида қовуради.

Катта ўғил Сонни қўпол, бетгачопар ва импулсив бўлса-да, нимагадир уни яхши кўра бошлайсан, асар ўртасида уни ёмон кўриб қоласан, кейинроқ унинг учун қайғурасан.

Ҳар бир қаҳрамонга нисбатан сенда ё нафрат, ё симпатия уйғонаверади, уларга нисбатан ҳисларинг асар давомида бир неча марта ўзгариши мумкин. Лекин мен учун энг севимли қаҳрамонлар албатта Том Хейген ва Майкл Корлеонелардир. Аслида бу иккаласи икки хил дунё, лекин асар охирида Майклнинг ўзгаришини кўриб Том Хейген ва Майкл Корлеоне типажи кўзингга бир хил бўлиб кўринади. Ажойиб!

Хулоса

«Чўқинтирган ота» фильмидан кадр

Марио Пьюзо асар учун ўткир сюжет тайёрлаган. Романда омерта, мафия оиласи принциплари каби мавзулар жуда чуқур очиб берилган. Уларнинг қонунларини шундай бўлиши керакдай, табиий қабул қиласан. Чунки китоб мукаммал ёзилган. Бу китоб ҳаётимга жуда кўп нарсалар олиб келган. Кўп нарсаларга тўғри бурчак остидан қараш, таҳдидларни ўлчаб кўриш, оқибатларни чамалаш каби мияни ҳамма вақт ишлатишга мажбур қиладиган принципларни совға қилган.

Бу китоб мени ўзига асир қилиб олган десам адашмаган бўламан, ҳатто боғдаги ўриндиқда соатлаб қўлимни юзимга тираб ўқишим оқибатида китобни тугатиб, уйга қайтиб ойнага қарасам, юзим кўкариб кетган бўларди. Роман шу даражада ўзига маҳлиё қилиб олганидан буни сезмаганман ҳам. Асар бошида сизга иккинчи, учинчи даражали персонажлар бўлиб кўринганларни яхшилаб эслаб қолаверинг. Улар асосий сўзни айтади.

Асарни ўқимаган бўлсангиз, ўқиб чиқинг. Ҳаттоки сизга мафия мавзуси қизиқ бўлмаган тақдирда ҳам асардан эзгу ишлар қилиш учун катта мотивация оласиз. Дунёқарашингиз кенгаяди.

Китобдан иқтибослар

Мен унга рад қилиб бўлмас таклиф бераман (Мен унга шундай таклиф берайки, уни рад қилишнинг иложи бўлмасин);

Қасос – совуқ ҳолда тортиладиган таом;

Шахсий ҳеч нарса йўқ, шунчаки бизнес;

Қўлида портфели бор юрист юзлаб қуролланган босқинчилардан кўра кучлироқдир;

Энг яхшиси дўстинг кучингга етарлича баҳо бермаганида ва душманинг камчиликларингни бўрттириб кўришида;

Дўстларни ёнингда сақла, душманларингни эса янам яқинроқ;

Ўз фарзандлари учун вақт топа олмайдиган ота ҳақиқий эркак деган номга лойиқ эмас;

Душманларни ёмон кўриш керак эмас, ҳиссиётлар ўйлашга халақит беради.

Қизиқарли фактлар

- айрим манбаларга кўра, асардаги Дон Корлеоне образининг прототипи реал шахс бўлиб Нью-Йоркнинг энг машҳур мафиозиларидан Жо Бонанно экан. Вито Корлеоне прототипи эса Билли Бонаннодан олинган;

- Марио Пьюзо Random Hause нашриёти билан китобни чоп қилишга келишган пайтида буткул хонавайрон бўлиш ёқасида эди;

- китоб асосида, машҳур фильмдан ташқари, компьютер ўйинлари ҳам чиқарилган.

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.

Изоҳ қолдиришдан аввал, қоидалар билан танишиб олинг: http://dy.uz/sBU7c

Бошқа янгиликлар