17 июль куни Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги биносида 24 июль куни очилишига бағишланган дастлабки IT-паркнинг биринчи матбуот анжумани бўлиб ўтди, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати хабар қилади.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари Технологик парки (IT-парк) истиқболли стартап лойиҳаларни ишга тушириш ва уларни бозорга олиб чиқиш мақсадида яратилмоқда. IT-парк бу — фаол ва истеъдодли инсонлар бухгалтерия, юридик, маркетинг ва илмий-таълимий йўналишларида қўллаб-қувватлаш орқали ғояларини ҳақиқий бизнесга айлантиришлари учун чинакам имкониятга эга бўладиган маскан ҳисобланади. IT-парк тарихи Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш. Мирзиёевнинг Ҳиндистонга ташрифи чоғида томонларнинг ахборот технологиялари соҳасида ҳамкорликни янада кенгайтириш борасида эришилган келишувидан бошланади. Жорий йилнинг январь ойида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 17-сонли «Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик паркини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарор қабул қилинди.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Ўзбекистон Республикаси Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирининг биринчи ўринбосари Умаров Олимжон Мухаммаджонович, IT-парк АКТ соҳасида ўз мамлакатларида етакчи ўринга эга бўлган ташкилотлар билан ўзаро муносабатларнинг ривожланишига асосий омил бўлиб хизмат қилишини таъкидлади. Бугунги кунда IT-парк ҳамкорлари қуйидагилар ҳисобланади: Software Technology Parks of India (Нью-Деҳли), Теч Nation (Лондон), Астана Hub Халқаро IT-стартаплар Технопарки (Нур-Султон), Юқори технологиялар соҳасидаги Технопарк «IT-парки» (Қозон), «Эксадел» МЧЖ (Минск), Юқори технологиялар соҳасидаги Технопарк «IT-парки» (Москва).

Тошкент шаҳр ҳокимлиги

Матбуот анжуман давомида дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки директори Фарҳод Ибрагимов IT-паркнинг қуйидаги йўналишлардан иборат асосий вазифалари тўғрисида маълумот бериб ўтди.

— Инкубация дастури — ғояни керакли ресурслар, қўллаб-қувватлаш, тавсияларни таъминлаш орқали ғояни маҳсулот кўринишга етказиш.

— Мавжуд стартапларни масштаблаштириш ва уларни халқаро даражага кўтариш.

— АКТни ривожлантириш Фонди ва хусусий ташкилотлар томонидан ташкил этилган махсус фонд орқали венчур молиялаштириш.

— IT-лабораториялар ва дата-марказларни ўз ичига олган IT-Академия.

Инкубация ва акселерация дастурларига аризаларни қабул қилиш жараёни ўз якунига етди. Қабул қилинган 103 номзод орасидан 42 та ариза акселерация ва 61 та ариза инкубация дастурига топширилган. Ариза йўллаганларнинг энг ёши – 16 ёш, энг катта ёшли номзод эса 67 ёшда. Фоиз кўрсаткичида олинадиган бўлса, ариза юборганларнинг 51 фоизини 16 дан 25 ёшгача бўлганлар, 31 фоизини 26 дан 35 ёшгача бўлганлар ва 18 фоизини 36 ҳамда ундан юқори ёшдагилар ташкил қилади. Келиб тушган аризалар орасида қуйидаги йўналишлар етакчилик қилмоқда: Электрон тижорат — 54 фоиз, Онлайн таълим – 13 фоиз ва IoT – 12 фоиз.

Фото: Тошкент шаҳар ҳокимлиги

Шунингдек, матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 30 июндаги «Ўзбекистон Республикасида ахборот технологиялари соҳасини ривожлантириш учун шароитларни тубдан яхшилаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги ПF-5099-сон Фармонига биноан IT-парк резидентлари 2028 йилнинг 1 январигача бўлган муддатга қадар қуйидагилардан озод этилади:

— барча турдаги солиқлар ва давлат мақсадли жамғармаларига мажбуран ажратмаларни, шунингдек, ягона ижтимоий тўловни тўлашдан;

— белгиланган тартибда тасдиқланган рўйхатлар бўйича Ўзбекистон Республикасида ишлаб чиқарилмайдиган, ўз эҳтиёжлари учун олиб кирилаётган ускуналар, бутловчи қисмлар, деталлар, узеллар, технологик ҳужжатлар, дастурий таъминот воситалари учун божхона тўловлари тўлашдан (божхона йиғимларидан ташқари);

— товарлар (ишлар, хизматлар) экспортидан тушган тушумлар доирасида хорижий мутахассисларнинг чет эл валютасида нақд пулсиз шаклда иш ҳақи хорижда очилган халқаро тўлов карталарига тўлашга рухсат берилади.

Маҳаллий ва хорижий бозорларда маҳсулотларни илгари суриш учун бошқа имтиёзлар ҳам тақдим этилади.

Шунингдек, матбуот анжуманида Ҳиндистондан ташриф буюрган меҳмон, жаноб Партасарати IT-паркка методологик жиҳатдан амалий ёрдам бериш бўйича чиқиш билан иштирок этиб, ушбу соҳадаги Ҳиндистон муваффақияти (59 IT-парклар 4000 та ташкилотларни қўллаб-қувватлайди) билан таништирди ҳамда Ўзбекистоннинг ушбу йўналишда ривожланишига ишонч билдирди.

Матбуот анжуман якунида IT-парк вакиллари томонидан журналистларнинг парк бюджети, ишларни танлаш мезонлари бўйича саволлар ҳамда паркни ривожлантиришга оид таклифларига жавоб берилди.