Паяриқ туманлараро иқтисодий судининг қарздор МЧЖдан ундирувчи туман солиқ инспекцияси фойдасига 437 миллион 842 минг сўм солиқ қарзини ундириш тўғрисидаги ижро ҳужжати МИБ Паяриқ туман бўлими ижро иш юритувига келиб тушди. Бу ҳақда «Дарё»га МИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Шу куннинг ўзида ижро иши юритишни қўзғатиш тўғрисида қарор қабул қилиниб, қарор нусхалари томонларга юборилди.
Ижро ҳаракатлари давомида қарздор ҳисоб-рақамларининг чиқим қисмига банд солинди. Жамиятга тегишли бўлган мол-мулкларни аниқлаш мақсадида мутасадди идораларга сўров хатлари юборилди. Қарздорга тегишли Cobalt ва Labo русумли машиналар хатланди.
Мазкур ижро ҳужжати юзасидан олиб борилган мажбурий ижро ҳаракатлари давомида МЧЖдан солиқ инспекцияси фойдасига 437 миллион 842 минг сўм солиқ қарздорлиги ундириб берилди.
Изоҳ (0)