Наманган вилояти ҳокимлигида Туркиянинг «Idealist» меъморчилик ва муҳандислик компанияси томонидан Нанай туристик зонаси лойиҳаси тақдимоти ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ҳокимлиги ахборот хизмати маълум қилди.
Узоқ муддатга мўлжалланган лойиҳа доирасида кўплаб объектлар қурилиши кўзда тутилган.
Улардан бири — Нанай туризм маркази 27,9 гектар майдонда барпо этилади. Унинг таркибига 549 ўринли беш юлдузли ва 251 ўринли тўрт юлдузли меҳмонхона, 4000 ўринли қишки ва ёзги томошалар зали, кўргазмалар маркази, ҳунармандлар устахоналари, шунингдек, қатор кўнгилочар иншоотлар киритилган.
Нанай кичик туризм зонаси эса 14,5 гектар ҳудудда жойлашиб, унда жами 920 ўринли иккита беш юлдузли меҳмонхона, 549 кишига мўлжалланган нафас йўллари ва диабет касалликларини даволаш сиҳатгоҳи, 78 та вилла-меҳмонхона, замонавий савдо маркази, ресторан ва кафелар, тоғ дор йўли сингари объектларни барпо этиш кўзда тутилган.
Лойиҳанинг асосий мақсади ҳудуднинг табиий шароитларидан фойдаланган ҳолда экологик туризмни ривожлантиришдан иборат. Тақдимот чоғида лойиҳага қатор қўшимчалар киритиш ҳақида фикр алмашилди. Кейинчалик ушбу лойиҳадан ўрин олган бино ва иншоотлар қурилиши инвесторларга таклиф этилади.
Изоҳ (0)