Аргентина терма жамоаси ҳамда «Барселона» ҳужумчиси Лионель Месси 2019 йилнинг энг яхши ўйинчиси номига сазовор бўлди. Бу ҳақда ESPN’нинг Twitter’даги расмий саҳифасида эълон қилинди.
32 ёшли футболчи 2018/19 йилги мавсум Испания миллий чемпионатида 34 та учрашувда 36 та гол уриб, чемпионатнинг энг яхши тўпурарига айланди. Бундан ташқари, аргентиналик Ла Лигада голли узатма бериш бўйича «Севилья» ярим ҳимоячиси Пабло Сарабия билан бир хил кўрсаткич қайд этди. Иккала ўйинчи ҳам 13 тадан голга ассистентлик қилди.
Месси 2018/19 йилги мавсум ўнинчи бор Испания чемпионига айланди. Шу билан бирга футболчи 36 та голи орқали 72 очко тўплаб, «Олтин бутса»га эга чиқди. Мазкур соврин Европа чемпионатлари орасида битта мавсумда энг кўп гол урган футболчига берилади.
Шунингдек, Месси Европа Чемпионлар Лигасида 10 та учрашувда майдонга тушиб, 12 та гол уришга муваффақ бўлди. Лео Испания Кубогида 5 та ўйинда 3 та голга муаллифлик қилди.
Месси Копа Америка—2019 мусобақасида Аргентина терма жамоаси билан биргаликда 3-ўринни эгаллади.
Эслатиб ўтамиз, Мессидан ташқари ушбу совринга Криштиану Роналду, Килиан Мбаппе ҳамда Виржил ван Дейк ҳам даъвогарлик қилганди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)