Бугун,

  • USD 10940.05
  • RUB 182.26
  • EUR 11121.65

6 июль куни Ғиждувон туманида Gentra ва Cobalt иштирокида содир бўлган автоҳалокат йўл ҳаракати қоидаларини бузиш оқибатида рўй берган.

Фото: «Подслушано в Бухаре»

Бухоро вилоят ИИБ матбуот хизматининг «Дарё»га берган расмий маълумотига кўра, Lacetti Gentra русумли, 80М 027 МА давлат рақам белгили автомашина эгаси, фуқаро М.А. йўл ҳаракати қоидасини бузган ҳолда Ғиждувондаги «Зарангари» МФЙдан ўтувчи 4Р-48-автомобиль йўли бўйлаб ҳаракатланган. Йўлнинг 270-километрига етганда, салонида 6 киши бўлган ўз бошқарувидаги автомашинани қарама-қарши томонга олиб ўтган. Оқибатда ўз йўналиши бўйлаб тўғри ҳаракатланаётган Cobalt русумли, 85 950 ОАА давлат рақам белгили фуқаро Р.А.га тегишли автомашинанинг олд қисмига урилиб, йўл-транспорт ҳодисасини содир қилган. Икки автомашина ўз йўналишида келаётган навбатдаги Cobalt’га зарб билан урилган. Мудҳиш тўқнашув содир бўлган вақтнинг ўзида 2 ҳайдовчи ҳамда 1 нафар йўловчи вафот этган.

Автомашиналардаги бошқа йўловчилар, яъни 8 нафар киши эса ўта оғир тан жароҳати билан Ғиждувон туман Тиббиёт бирлашмаси жонлантириш бўлимига ётқизилган.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.
Фото: «Дарё»

7 июлнинг тунги соат 22:00 дан кейин яна бир нафар ўта оғир аҳволдаги 2013 йилда туғилган бола дунёдан ўтган.

— Тунги 22:00 да реанимация бўлимида боланинг юраги тўхтаб қолди. Барча тезкор муолажаларни кўрсатиб, қайта тикладик. Бу ҳол 4–5 марта такрорланди. Юрак тўхтаб-уриб турди. Организми ёш, юрак яшашга ташна, бақувват, афсуски мия тўқималаридаги оғир жароҳат ўлим ҳолати билан якунланди. Яна бир нафар 2013 йилда туғилган Ш.А., мия комаси 3-даража, мия шиши ва бош миянинг ёпиқ жароҳати ташхиси билан ётқизилди. 1967 йилда туғилган бемор аёл Ҳ.Р.нинг эса энса суяги синган, елка суягининг учдан бир юқори қисми синган, пешонасидан олган зарб юмшоқ тўқималар жароҳати ва мия шишига олиб келган. Қулоқ қисмидан қон томаяпти. Ўта оғир ҳолатдаги бу икки бемор ҳаёти учун барча малакали шифокорлар жалб этилган. Бундан ташқари, пойтахтдан тажрибали неврареамотолог ва болалар мия жарроҳлиги бўйича шифокорлар ҳам чақирилган, — деди Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиали тез тиббий ёрдам ва фавқулодда вазиятларда тез тиббий хизматни ташкил қилиш бўйича директор ўринбосари Ойбек Рўзиев.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.
Фото: «Дарё»

Автоҳалокат содир бўлган кун ўта оғир жароҳат олган 8 нафар йўловчи-бемор ҳамда воқеа жойида вафот этган 3 нафар фуқаро жасади Ғиждувон туман Шошилинч тез тиббий ёрдам марказига келтирилган.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.
Фото: «Дарё»

— Шу куни 8 нафар бемор ўта оғир жароҳат билан туман Шошилинч тиббий ёрдам маркази жонлантириш бўлимига олиб келинган. Керакли барча зарурий лаборатория амаллари бажарилди. Зудлик билан тиббий ёрдам кўрсатилди. 3 нафари яна шошилинч равишда Республика Шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Бухоро филиалига олиб кетилди. Қолган беш нафардан бирининг аҳволи барқарорлаштирилиб, операция столига олинди. Бемор илгари жигар серрозига учраган ва бир неча йилдан буён даволаниб ҳам келаётган экан. Устига-устак, автотўқнашув туфайли беморнинг ҳам жигари эзилган, ҳам қўли синган. Бундан ташқари, бош қисми йиртилган, елкалари синган, хуллас, жароҳатлари кўп. Қолган тўрт нафар беморлар ҳам турли жароҳатлар олган. Айни пайтда соғлиги тикланган ва улар ўрта оғир аҳволда. Бу беморлар олган жароҳатида эса яшаш учун хавф туғдирувчи салбий оқибат йўқ. Ҳар бири алоҳида назоратда, — деди Ғиждувон туман Тиббиёт бирлашмаси режали хирургия бўлими мудири Отамурод Мардонов.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.

ЙТҲда жабрланганлардан бири.
Фото: «Дарё»

Мазкур ҳолат бўйича тўпланган ҳужжатларга кўра, Бухоро вилояти ИИБ ҳузуридаги Тергов бошқармаси томонидан ҳолат юзасидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 266-моддаси 3-қисми «а» банди (транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш одамлар ўлимига сабаб бўлиши) билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда жиноят иши бўйича дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳ
Асосий янгиликлар