Италиянинг Неапол шаҳридаги Сан-Пауло стадионида ХХХ ёзги Универсиада ўйинларининг очилиш маросими 3 июль, чоршанба куни бўлиб ўтди. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Мазкур мусобақада 120 га яқин давлатдан 9000 нафарга яқин талаба спортчи 18 та спорт тури бўйича беллашади.
Ҳар икки йилда ўтказиладиган ушбу универсиадада 42 нафар ўзбекистонлик талаба енгил атлетика, дзюдо, таэквондо WTF, бадиий гимнастика, теннис, спорт гимнастикаси, ўқ отиш ҳамда камондан отиш спорт турлари бўйича медаллар учун баҳс олиб боради (уларнинг рўйхати билан қуйидаги ҳавола орқали танишиш мумкин).
Қарийб 80 мингга яқин мухлис билан тўлиб-тошган стадионга Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғини, дзюдо бўйича ўсмирлар ўртасида Олимпия ўйинлари чемпиони, кўплаб халқаро турнирлар ғолиби Сухроб Турсунов баланд тутган ҳолда олиб кирди. Байроқ ортидан Ватан шарафини ҳимоя қиладиган спортчилар, мураббий ва мутахассислар майдонга кириб келди.
Ушбу тадбирда Ўзбекистон делегациясига раҳбарлик қилаётган жисмоний тарбия ва спорт вазири Дилмурод Набиев ҳамда мамлакатнинг Италиядаги фавқулодда ва мухтор элчиси Отабек Акбаров иштирок этди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)