Қорақалпоғистон Республикасида 2019 йил ҳосили учун ўтган йили 53 минг гектар майдонга ғалла экилиб, шундан 2 минг 729 фермер хўжалиги томонидан давлатга 102 минг 110 тонна дон топшириш бўйича контрактация шартномаси тузилди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги «2019 йил ҳосили учун экилган бошоқли дон экинларини ўз вақтида нест-нобуд қилмасдан ўриб-йиғиб олиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги баённомасида белгиланган вазифаларни бажариш мақсадида ўрим ишларида 190 та юқори унумдор комбайн бириктирилиб, ҳар бири отряд услубида иш олиб борилди. Шунинг натижасида бугунги кунга 49 минг гектар майдондаги ғалла ўриб олинди. Ҳосилдорлик гектарига 54-55 центнердан тўғри келди. Шундан давлатга 105 минг тонна дон топширилиб, режа 103 фоизга бажарилди.
Бугунги кунгача Беруний, Амударё, Тўрткўл, Элликқалъа, Тахиатош, Хўжайли ва Нукус туманлари давлатга ғалла топшириш режаларини бажариб, юқори кўрсаткичга эришди.
Амударё туманидаги «Хилола Раджапова», Элликқалъа туманидаги «Бургутқалъа саодати», Тўрткўл туманидаги «Обод Тўрткўл», Беруний туманидаги «Ўразбоев Мансур», Тахиатош туманидаги «Туреев Султамуратбий», Нукус туманидаги «Иқлас Ўринбой» фермер хўжаликлари ҳосилдорликни 70-80 центнерга етказди.
Айни пайтда ғалла далаларида ўрим ишлари давом этмоқда.
Изоҳ (0)