1 июль куни Тошкент шаҳар ИИББ ЙҲХБ ходимлари томонидан 33 нафар ҳайдовчиларга нисбатан пиёдалар йўлакчаларидан автотранспортда ҳаракатланганлари учун маъмурий баённомалар расмийлаштирилди, бу ҳақда Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси хабар қилади.
Қоидабузарларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 128-моддаси («Ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини пиёдалар йўлкаларидан юргизиши, йўл белгилари ва йўл ҳаракатининг бошқа қоидалари талабларига риоя этмаслиги») бўйича маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.
Эслатиб ўтамиз, ушбу қоидабузарлик учун ЭКИҲнинг иккидан бир қисми миқдорида жарима кўзда тутилган. Ушбу ҳуқуқбузарликни маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этиш — ЭКИҲнинг бир баравари миқдорида жарима солишга сабаб бўлади. Агар худди шундай ҳуқуқбузарлик уч марта ва ундан ортиқ маъмурий жазо қўлланилганидан кейин бир йил давомида такрор содир этилса, ЭКИҲнинг тўрт баравари миқдорида жарима солиниши ёки транспорт воситасини бошқариш ҳуқуқидан олти ой муддатга маҳрум этилиш мумкин.
Ушбу ҳайдовчилар автомобилларини пиёдалар йўлакчаларида қолдириб, пиёдалар учун ноқулайликлар туғдирган.Тошкент шаҳар Ички ишлар бошқармаси ҳайдовчилардан, йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларини ҳурмат қилишни ва қоидаларга риоя қилишни сўрайди.
Изоҳ (0)