Россиянинг «Фосагро» холдинги Ўзбекистон энергетика вазири Алишер Султонов билан ўғитлар етказиб бериш ва ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ҳақида келишиб олди. Бу ҳақда Sputnik хабар қилади.
2 июль куни бўлиб ўтган учрашувда ПAО «Фосагро»нинг маркетинг ва савдо бўйича директори Сергей Пронин, Ўзбекистон қишлоқ хўжалиги вазири Жамшид Хўжаев ҳамда «Ўзкимёсаноат» АЖ раиси Одил Темировлар иштирок этди.
Учрашувда «Фосагро» томонидан Ўзбекистонга ўғитлар етказиб беришнинг узоқ муддатли истиқболлари ҳамда ушбу соҳада яқин муносабатлар ўрнатиш масалалари муҳокама қилинди. Россиялик ишлаб чиқарувчи ушбу йўналишда ҳамкорлик қилишга тайёрлигини билдирди.
Муҳокама давомида, томонлар шунингдек, Ўзбекистонда келажакда мураккаб ўғитларни ишлаб чиқариш масалаларини муҳокама қилди.
Маълумот учун, дунёда энг йирик фосфорли ўғитлар ишлаб чиқарувчи компаниялардан бири бўлган, «Фосагро» гуруҳи таркибига Череповец шаҳрида жойлашган «Апатит» корхонаси ва унинг Кировск ва Балаков шаҳарларидаги шўъба корхоналари, Волхов шаҳридаги «Метахим» корхонаси ва бошқа заводлар киради.
Изоҳ (0)