Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев Марокаш Подшоҳлигининг янги тайинланган элчиси Муҳаммад Одил Эмбарш билан ўзаро мулоқот давомида олий мартабали меҳмонга Тошкент, пойтахтдаги ўзгариш ва янгиланишлар, мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар борасида маълумот берди, бу ҳақда Тошкент шаҳар ҳокимлиги расмий веб-сайти хабар қилади.
Марокаш элчиси Тошкентдаги муҳит, янгиланишлардан таъсирланганлигини, пойтахтда тарихий масканларни асраш қатори замонавий инфратузилмани ривожлантириш ишлари жадал олиб борилаётганига гувоҳ бўлганлигини билдирди. Шаҳардаги ободлик, кўкаламзорлаштириш йўналишидаги ишларни алоҳида эътироф этди.
Марокаш аҳли Ўзбекистон ва Тошкент ҳақида тарихчи ва саёҳатчи Ибн Батутанинг асарлари орқали маълумотга эгалиги, имкони бўлса Тошкентда ўша асарлар таъсирида яратилган тасвирий санъат ишлари кўргазмасини ўтказишни таклиф этди.
Тошкент шаҳар ҳокими ҳозирда ҳокимлик томонидан «Этно шаҳар» лойиҳаси тайёрланаётгани, агар Марокаш томонида ҳам қизиқиш бўлса, бу ерда улар учун алоҳида ҳудуд ажратилиши, ҳатто Ибн Батута номида кўча ташкил этилиши мумкинлигини айтиб ўтди.
Элчи Муҳаммад Одил Эмбарш бу таклифни қўллаб-қувватлади ва Тошкент делегациясини Марокашга таклиф этди.
Ўзаро мулоқот давомида ҳамкорликка оид бошқа масалалар ҳам кўриб чиқилди.
Изоҳ (0)