Бугун, 28 июнь куни Адлия вазирлиги томонидан «Медиа-саводхонлик ва fake-news» мавзусида журналистлар учун семинар бўлиб ўтди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Тадбирда Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев, Қонунчилик палатаси қўмита раиси Илҳом Абдуллаев, таниқли журналистлар, блогерлар, соҳа мутахассислари иштирок этди.
Ахборот тарқатиш ҳуқуқи ва масъулияти, ёлғон маълумот тарқатганлик учун жавобгарлик масалалари муҳокама қилинган семинарда куни кеча қабул қилинган «Оммавий ахборот воситалари мустақиллигини таъминлаш ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари ахборот хизматлари фаолиятини ривожлантириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Президент қарорида тилга олинган вазифалар ҳам эътибор марказида бўлди.
Хусусан, қарорда айтилган «икки ой муддатда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига давлат органлари ва ташкилотлари томонидан маълумот тақдим этмаганлик ёки нотўғри маълумот тақдим этганлик, шунингдек, оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилганлик ва журналистларга босим ўтказганлик учун жавобгарликни белгилаш тўғрисида таклифлар кирицин» деган банд юзасидан семинарга йиғилганларнинг мулоҳазалари тингланди.
Адлия вазири ўринбосари Худоёр Мелиев ушбу масала юзасидан қуйидагича баёнот берди: «Президент қарорига асосан Адлия вазирлиги томонидан журналистларга маълумот тақдим этмаслик ёки нотўғри маълумот тақдим этиш, шунингдек, уларнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш ва журналистларга босим ўтказгани учун давлат органларининг жавобгарлиги масаласини қонунчиликка киритиш бўйича ишлар олиб борилмоқда. Бунда, биз биринчи навбатда, профессионал қатлам, яъни журналист ва блогерлардан тегишли таклифларни кутиб қоламиз».
Изоҳ (0)