21–23 июнь кунлари Марказий ҳарбий округга қарашли ҳарбий қисмда Самарқанд вилоятида профилактик ҳисобда турувчи, тарбияси оғир 13 нафар ёшлар билан «Бўлажак аскар» акцияси ўтказилди. Бу ҳақда Марказий ҳарбий округ матбуот хизмати маълум қилди.
«Ёшлар ойлиги» доирасида Марказий ҳарбий округ ҳамда Ўзбекистон ёшлар иттифоқи Самарқанд вилояти Кенгаши билан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда йигитлар уч кун давомида ҳарбийлардек ҳаёт кечирди.
Эгнига ҳарбий либос кийган ёшлар ҳарбий қисмнинг тўлақонли аъзоси бўлиб, кун тартибида белгиланган вақтларда ҳарбий машғулотларда қатнашди.
Йигитлар округда яқинда ташкил этилган спорт взводи фаолияти билан танишди. Спортнинг бокс ва дюздё тури бўйича мастер-класс машғулотларида қатнашди. Динамик тренажёр орқали отиш машқларини бажарди.
Тунги вақтларда эса концерт дастури ва ватанпарварлик руҳидаги фильмлар томоша қилди.
Шунингдек, бўлажак аскарлар округда яқинда бунёд этилган Симуляция марказида бўлди. Ёшлар бу ерда ҳарбий хизмат ва «кўча» ҳаёти хусусида баҳсга киришди.
Акция якунида иншолар танлови ўтказилиб, яхши натижа кўрсатган ва ижобий тафсифланган ёшларга Ички ишлар органлари билан келишилган ҳолда ҳисобдан чиқаришга тавсиялар берилди.
Изоҳ (0)