Айни кунларда «Ўзбеккино« Миллий агентлиги буюртмасига кўра, «Эзгу фильм« киностудияси томонидан Тошкент вилоятининг Зангиота тумани, Хонобод қишлоғилик Зулфия ая Зокирова ҳамда унинг Иккинчи жаҳон уруши жанггоҳларидан қайтмаган фарзандлари Исоқжон, Аҳмаджон, Муҳаммаджон, Ваҳобжон ва Юсуфжон, фронт ортидаги машаққатли меҳнатларни ўз елкасига олган тўрт келини тақдири хусусида ҳикоя қилувчи, ишчи номи «Илҳақ« бўлган бадиий фильмни суратга олиш ишларига тайёргарлик кўрилмоқда. Бу ҳақда Халқ сўзи хабар қилади.
Фильм сценарийсини кинорежиссёр Жаҳонгир Аҳмедов ва Ҳасан Тошхўжаев ҳаммуаллифликда ёзган. Фильм режиссёри Жаҳонгир Аҳмедов, продюсер Зафар Йўлдошев.
Зулфия ая Зокированинг матонати ҳақида илк бор давлат раҳбари 2019 йил 9 май куни Хотира ва Қадрлаш кунига бағишланган нутқида айтиб ўтган эди. Бугун Олмазор туманида бўлиб, бу ерда барпо этиладиган Ғалаба боғи билан яқиндан танишган Президент матонатли бу аёл ҳақида яна эслаб ўтди.
Хусусан, пойтахтнинг Олмазор туманида барпо этилаётган Ғалаба боғида ўзбек аёлининг матонати тимсоли сифатида Зулфия ая Зокирова, унинг урушдан қайтмаган беш фарзанди ҳамда бева қолган тўрт келини хотирасига бағишланган «Матонат мадҳияси» ёдгорлик мажмуаси ўрнатилиши тўғрисида маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, 21 июнь куни мазкур бадиий фильм сценарийси «Ўзбеккино« МА Бадиий Кенгаши томонидан қабул қилинган ва тайёргарлик ишлари бошлаб юборилган.
Изоҳ (0)