Италиялик таниқли режиссёр Франко Дзеффирелли 96 ёшда вафот этди. Бу ҳақда Флоренция мери Дарио Нарделла Twitter’даги саҳифасида ёзиб қолдирди, деб хабар берди «ТАСС».

Фото: Reuters

«Мен бу кун келишини умуман истамаган эдим. Бугун эрталаб Франко Дзеффирелли оламдан кўз юмди. Биз режиссёрнинг яқинларига ҳамдардлик изҳор этамиз. Алвидо, буюк даҳо. Флоренция сизни ҳеч қачон унутмайди», — деб ёзди Нарделла.

Сўнгги кунларда режиссёрнинг соғлиғи ёмонлашган. У Рим шаҳрида жойлашган ўз уйида вафот этган. Марҳум Флоренциядаги қабристонга дафн этилади.

Франко Дзеффирелли Шекспирнинг кўплаб асарлари асосида фильмлар суратга олган. 1968 йилда суратга олинган «Ромео ва Жулетта» фильми унга оламшумул машҳурлик олиб келган.