Халқаро пресс клуб Фарғонада «Ўзбекистонда олий таълим тизими: ислоҳотларнинг янги босқичи, муаммоларнинг чуқур таҳлили ва тезкор ечимлар» мавзусида сессия ўтказди. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Унда вилоят ҳокимлиги мутасаддилари, олий таълим муассасалари ректорлари ва проректорлар, профессор-ўқитувчилар, талабалар, иш берувчи корхона ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди. Унда вилоятдаги олий ўқув юртларида амалга оширилаётган ишлар ҳамда бугун долзарб бўлиб турган жуда муҳим масалалар, муаммоли вазиятлар таҳлил қилинди.
Қайд этиб ўтилганидек, бугун республикада меҳнат бозорига кириб келаётган ёшларга арзон ишчи кучи сифатида эмас, аксинча, салоҳияти юксак, рақобатдош кадрлар деб қаралмоқда. Шунга монанд равишда йигит-қизларни таълим олиш жараёнидаёқ ўз мутахассислиги бўйича тегишли корхона, ташкилот ёки муассасага амалиёт ўташи учун йўналтириш, бандлигини таъминлашга масъулият билан ёндашиляпти. Бошқача айтганда, эрта-индин олий ўқув юртини битириш арафасида турган ҳар бир мутахассис қўлига диплом олгач, қачон, қаерда ва қандай қулайликлар эвазига меҳнат фаолиятини бошлашини яхши билади. Бу эса унинг келажакка ишончи мустаҳкамлигидан, аниқ мақсад ҳамда қатъий позицияга эга эканидан далолат беради.
Мамлакатда ҳаётга изчил татбиқ қилинаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар жараёнида ёшлар бандлиги устувор вазифа сифатида белгилангани бежиз эмас. Лекин кейинги вақтда олий таълим муассасаларида вужудга келаётган айрим камчилик ва муаммолар таълимдаги ислоҳотларни жонлантириш зарурлигини кўрсатмоқда. Водий вилоятлари қаторида Фарғонадаги олий таълим муассасаларида ҳам ана шундай камчиликлар борлиги мазкур сессияда очиқ-ойдин айтиб ўтилди. Бугунги кунда вилоятда 8 та олий ўқув юрти фаолият кўрсатмоқда.
Фарғонадаги олий таълим муассасаларидан тайёрланган танқидий руҳдаги лавҳа эфирга узатилди. Хусусан, Фарғона политехника институтидаги ободонлаштириш юмушларига бепарво қаралаётгани, Фарғона давлат университети ва Тошкент тиббиёт академияси Фарғона филиалида ўқув хоналарининг аянчли аҳволи, ТАТУ Фарғона филиалида талабалар учун техника жиҳозларининг етишмаслиги, интернет тезлиги ва сифатининг пастлиги ана шу лавҳада аниқ мисоллар асосида намойиш этилди. Шунингдек,Қўқон давлат педагогика институти олдида йўл ҳаракати хавфсизлиги масаласи жиддий эътибор талаб қилаётгани, Ўзбекистон давлат санъат ва маданият институтининг Фарғона минтақавий филиали ҳамда Тошкент давлат техника университети Қўқон филиали талабалар тураржойларидаги (илгари коллежга тегишли бўлган бинолар) бир қатор вазиятлар таҳлил этилди.
Кўтарилган муаммолар юзасидан олий таълим муассасалари раҳбарларига турли саволлар берилди. Ректорлар ва филиаллар директорлари мавжуд вазият ва уни бартараф этиш бўйича ўз фикрларини баён қилди.Олий таълим ривожига қаратилаётган юксак эътибор ва рағбат туфайли кейинги йилларда мамлакатда дунёнинг энг ривожланган давлатлари олий ўқув юртлари филиаллари ташкил этилди. Бу эса ўз навбатида соҳада миллий ва хорижий тажрибани таққослаш имконини ҳам бермоқда. Пресс-клуб сессиясида айни шу хусусиятлар ҳақида ҳам сўз юритилди. Ушбу мавзу юзасидан Латвиянинг ахборот тизимлари менежменти Олий мактаби (ISМА) Президенти, профессор ва академик Роман Дяконнинг фикрлари тингланди. Ушбу нуфузли олийгоҳнинг Фарғонада ташкил этилган филиалида илк сабоқларни ўзлаштирган талабалар Диёрбек Ҳомидов ҳамда Ҳалимжон Ўринбоевлар Олий мактабнинг афзалликлари, ўқитувчиларнинг билим ва тажрибаси, замонавий ўқитиш услублари ҳақида сўзлади.
Олий таълим тизимини сифат жиҳатидан юқори босқичга кўтариш, кадрлар салоҳиятини юксалтириш, ёшларга назарий билим бериш баробарида, корхона ҳамда ташкилотларда амалий кўникмаларини оширишлари учун зарур шарт-шароитларни яратиш доимий эътибордаги масалалардан бири ҳисобланади. Талабалар учрашув чоғида бу борадаги савол ва таклифлар билан мутахассисларга юзланди.
Халқаро пресс клубнинг сайёр сессиясида амалиётчи корхоналар ва соҳа меҳнат фахрийларининг ҳам фикрлари тингланди. Таълим муассасаларида эски ва яроқсиз дарсликлардан фойдаланилаётганига танқидий баҳо берилди. Талабаларнинг мутолаа маданиятини ошириш, китоб қадри ҳақида қимматли мулоҳазалар таъкидлаб ўтилди.
Изоҳ (0)