Наманган шаҳар IIО ФМБ томонидан гавжум масканларга Face control дастурий таъминоти ўрнатилмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати маълум қилди.
Қурилма жойлашган ҳудуд мунтазам видеокузатув остида бўлиб, тўғридан тўғри IIО ФМБ вазият маркази назоратида туради. Қурилма ички ишлар органлари томонидан қидирувда бўлган шахсларни топиш ва муайян ҳуқуқдан чеклов олган фуқароларни назорат қилишда асосий кўмакчи вазифасини бажаради.
Аппарат дастурий таъминоти базасига киритилган шахсларнинг юз қисми билан қурилма камерасига тушган фуқароларнинг юз қисми бир бирига солиштирилади ва ўхшашлик жиҳати фоиз кўрсаткичлари орқали аниқланади. Ўхшашлик ҳолати 80 фоиздан юқори кўрсаткич бўлган тақдирда қурилма автоматик тарзда навбатчилик қисмига сигнал беради. Шундан сўнг воқеа жойига ходимлар йўналтирилади.
Шунингдек, ушбу аппарат Пробация бўлими назоратида турган ва озодликни чеклаш жазосини ўтаётган, бироқ суд томонидан белгиланган тартиб-қоидаларни бузаётган фуқароларни назорат қилишда ҳам алоҳида ўрин тутади.
Тизимга олиб кирилган бу каби замонавий технологиялар жиноятларнинг олдини олиш, жиноятчини тезкорлик билан қўлга туширишда самара бериши билан бир қаторда ички ишлар органлари ходимларининг ҳам ишини енгиллаштиришга хизмат қилади.
Изоҳ (0)