Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги томонидан хотин-қизларнинг инновацион лойиҳаларини жорий этишда ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, тадбиркорлик ҳамда ихтирочилик фаолиятига кенг жалб қилиш, иқтисодиётнинг турли тармоқларида меҳнат қилаётган хотин-қизларнинг фаолиятларига инновацион ёндашувни жорий қилиш мақсадида 27 май—1 июнь кунлари Innowomenweek инновация ҳафталиги ўтказилмоқда. Бу ҳақда Хотин-қизлар қўмитаси «Дарё»га хабар берди.
Хоразм вилоятида ўтказилаётган Innowomenweek ҳафталиги доирасида Тошкент тиббиёт академияси Урганч филиалида Medicalwomenuz форуми, кўргазма ва ўқув семинари, Тошкент Ахборот технологиялари университетити Урганч филиалида Теchnowomenuz форуми, кўргазма ва ўқув семинари, Хоразм Маъмун Академияси ва Урганч давлат университетида Аgrowomenuz форуми, кўргазма ва ўқув семинар ўтказилди.
Medicalwomenuz форумида хотин-қизларнинг тиббиёт ва фармацевтика соҳаларида эришаётган ютуқларини таҳлил қилиш, соҳадаги янгиликлар, инновацион техника ва технологиялардан хабардорлигини ошириш бўйича ишлар амалга оширилди.
Теchnowomenuz форумида муҳандис ҳамда дастурчи хотин-қизларни салмоғини ва илмий-техник салоҳиятини ошириш, уларни саноат ва ахборот коммуникация технологиялари соҳаларига кенг жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Аgrowomenuz форумида хотин-қизлар томонидан аграр соҳада амалга оширилаётган лойиҳалар бўйича олинган натижалар таҳлил қилиниб, қишлоқ хўжалик маҳсулотларини етиштириш ва қайта ишлашни ривожлантириш, уларни экспортга йўналтириш ҳамда соҳага инвеcтициялар жалб қилиш масалалари муҳокама қилинди.
Изоҳ (0)