«Менинг фикрим» жамоавий мурожаатлар веб-порталида банкоматлар орқали нақд пул олинганда фоиз тўловини чегаралаш тўғрисида петиция жойлаштирилди.
Петиция муаллифига кўра, ҳозирда пластик картадаги пулни нақдлаштириш жараёнида тўлов 1 фоиз этиб белгиланган. Агарда 1 миллион сўм нақд пул нақдлаштирса, унда 10 минг сўм қўшимча ҳақ олиб қолинади. Бошида текин бўлган бу амалиёт айни вақтда 1 фоиз этиб белгиланди, деб ёзади Sputnik.
«Банк муассасалари буни банкоматга кетадиган харажатлар: интернет, техник таъминот, назорат қилиш каби харажатларни қоплаш учун олинади деб тушунтирди. Майли, банкнинг ўз харажатлари борлигини тушунган ҳолатда 1 фоизга қаршилик йўқ, лекин қанча кўп пул ечиб олсангиз, шунча кўп маблағ йўқотасиз. Агарда сиз 5 миллион сўм нақдлаштирсангиз, 50 минг, 10 миллион сўм нақдлаштирсангиз, 100 минг сўм йўқотасиз. Бошқача айтганда, қанча кўп нақдлаштирсангиз, шунча зарарга тушасиз! Бу масалани кўриб чиқиш ва аҳолига қулайликлар яратиш керак», — деб ёзган муаллиф.
Петицияда қуйидагилар таклиф қилинди:
— биринчидан, банкомат орқали 1 миллион сўмдан ортиқ маблағ ечилганда, 10 минг сўмдан (яъни 1 миллионнинг 1 фоизи) кўп фоиз ушланмаслик;
— иккинчидан, агар фойдаланувчи бир ой давомида банкоматдан пул нақдлаштирса, қайси банкоматдан пул нақдлаштирганидан қатъи назар фақат 1 мартагина фоиз ушлаш;
— учинчидан, қанча кўп пул ечилса, фоиз тўлови шунча камайиб бориш (1 миллионгача 1 фоиз, 5 миллионгача 0,5 фоиз ва ҳ.к.);
— тўртинчидан, банкоматлар ўзлари тегишли бўлган банк пластик карточкаларидан фоиз ушламаслиги.
Изоҳ (0)