Малайзиянинг Перлис штатида жойлашган Кангар шаҳри масжидларида ўзбекистонлик қорилар томонидан таровеҳ намозлари ўқилди, бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Қайд этилишича, тадбирлар Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита ва мамлакатнинг Малайзиядаги элчихонаси ҳамкорлигида ҳамда Ўзбекистоннинг Малайзиядаги зиёрат туризми бўйича элчиси ва Перлис штати муфтийси Моҳд Асри Бин Зайнул Обиддин кўмагида ташкил этилган.
Қорилар Аъзамжон Дадамирзаев ва Шамсиддин Жалилов Кангар шаҳрининг «Алви», «Путра» ва «ал-Ҳусайн» масжидларида Қуръон сураларини ёддан ўқиган. Ўз навбатида, мамлакатнинг Малайзиядаги зиёрат туризми бўйича элчиси қориларнинг ҳар бир чиқиши олдидан Ўзбекистоннинг бой тарихий, маданий ва маънавий меросига оид тақдимотлар ўтказган.
Ўзбекистонлик қорилар томонидан ўқилган таровеҳ намозларида ҳар куни Перлис штатининг 1,5 мингдан ортиқ диндорлари қатнашган. Намозхонларнинг таъкидлашича, меҳмонлар томонидан Қуръон сураларининг ўқилиши Малайзиядаги диний мактаблар вакиллариникидан ўзининг майин ва сокинлиги билан фарқ қилади. Бу эса муқаддас Рамазон ойида ўзига хос совғадир.
Ўзбекистон қорилари ташриф доирасида Перлис штатининг муфтийси Моҳд Асри Бин Зайнул Обиддин, мазкур штат шаҳзодаси Сайёд Файзуддин Путра ҳамда ушбу минтақа Ислом кенгаши раҳбарияти билан учрашувлар ўтказган.
Перлис штати муфтийсининг эътироф этишича, Ўзбекистон ислом тамаддуни бешиги ҳисобланади ва дунёдаги ҳар бир мусулмон мамлакатга ҳаётида ҳеч бўлмаганда бир маротаба келиши лозим. Ўзбекистондаги қатор зиёратгоҳлар, Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд каби буюк олим-у уламоларнинг дунё цивилизацияси ривожига қўшган бебаҳо ҳиссаси мамлакатни нафақат Шарқ, балки бутун дунё хазинасига айлантирган.
Учрашувларда шу каби тадбирларни Перлис штати маъмурияти билан ҳамкорликда Малайзиянинг бошқа штатларида ҳам ташкил этиш бўйича келишувга эришилган. Бундан кўзланган мақсад малайзияликларни ўзбек халқининг бой тарихи ва қадриятлари, маданияти ва анъаналари билан яқиндан таништиришдан иборат.
Изоҳ (0)