«Ўзбекистон» меҳмонхонаси комплексини сотиш бўйича очиқ танлов савдолари ўтказилган эди. Ҳеч бир ариза келиб тушмагач, яна бир бор сотувга қўйилгани эълон қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Бир вақтлар «Ўзбекистон» меҳмонхонаси Тошкентнинг рамзларидан бири саналар эди. Бироқ, бугунги кунда меҳмонхона ўз мавқеини бой бермоқда шекилли, ўтган сафар эълон қилинган савдоларга биронта ҳам ариза келиб тушмаган. Шу сабабли муҳташам меҳмонхона яна сотувга қўйилмоқда. Нарх ҳам ўзгармаган – 33 миллион доллар.
Сотувга меҳмонхона билан бирга шу ҳудуддаги барча иншоотлар (иккита ресторан, умумий овқатланиш шохобчаси, анжуманлар зали ва бошқалар) киради.
«Ўзбекистон» меҳмонхонаси Тошкентнинг қоқ марказида жойлашган бўлиб, аэропорт ва темир йўл вокзалига яқинлиги ҳамда қулай жойлашуви билан мижозларнинг эътиборини ўзига тортади. Ушбу меҳмонхонанинг давлат улушини сотиб олиш бўйича тендерда иштирок этиш учун мурожаат этувчи ёки унинг ваколатли вакили Давлат активларини бошқариш агентлигига ариза бериши лозим.
Танлов ўтказилмаган, деб ҳисобланган тақдирда такрорий танлов дастлабки танлов ўтказилган кундан (2019 йил 11 июнь) бошлаб ҳар ўн иш кунида бир марта ўтказилиши мумкин.
Изоҳ (0)