Америкалик ношир ва Human Rights Watch ташкилоти асосчиси Роберт Бернштейн 96 ёшида АҚШда вафот этди. Бу ҳақда ЎзА марҳумнинг оила аъзолари берган маълумотга асосланиб хабар қилади.
Роберт Бернштейн 1966—1990 йиллар оралиғида Random House йирик ноширлик уйини бошқарган. 1970 йилларда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш билан фаол шуғулланади. 1978 йилда айни йўналишда бир нечта гуруҳлар ташкил этади. 1988 йилда ушбу гуруҳлар Human Rights Watch ташкилотига бирлашади. Бернштейн 1998 йилда Human Rights Watch раҳбарлигидан истеъфога чиққан.
Нашрнинг ёзишича, Бернштейн ҳаётининг сўнгги йилларида таълим бериш ва Хитойда инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш кампанияси билан шуғулланиб келган. 2011 йилда у Advancing Human Rights ташкилотига асос солади.
Маълумот ўрнида, Human Rights Watch нодавлат ташкилоти инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасида мониторинг олиб бориш, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва бошқа умумеътироф этилган ҳужжатларда баён қилинган инсон ҳуқуқларига доир халқаро нормаларга риоя этилиши тўғрисида ҳисоботларни эълон қилиш билан шуғулланади. Камситишнинг олдини олиш, инсон ҳуқуқларига риоя этилишини текшириш ва улар ҳақида эълон қилиш, болалар, хотин-қизлар ва бошқаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш Human Rights Watch фаолиятининг асосий йўналишларидир.
Изоҳ (0)