Бразилия терма жамоаси ҳужумчиси Неймар Қатар ҳамда Ҳондурас термаларига қарши ўртоқлик учрашувларида ва Америка Кубогида терма жамоа сардори сифатида майдонга тушмайдиган бўлди. Бу ҳақда мамлакат футбол конфедерациясининг расмий сайтида хабар берилди.
Бу борада бош мураббий Тите Неймарга 25 май куни маълум қилди. Сардорлик боғичи Дани Алвесга ўтди.
Алвес Америка Кубогига чақирилган терма жамоа сафидаги футболчиларга нисбатан кўпроқ ўйин ўтказган — 138 марта. Сўнгги бор у ўтган йилнинг март ойида Германияга қарши ўртоқлик учрашувида Бразилия термасини сардор сифатида майдонга олиб тушганди.
Эслатиб ўтамиз, Америка Кубоги 14 июндан 7 июлга қадар бўлиб ўтади ва унга Бразилия мезбонлик қилади. Бразилия «А» гуруҳида Боливия, Венесуэла ва Перу термалари билан баҳс олиб боради.
Маълумот учун, Америка Кубогини қўлга киритиш бўйича рекорд кўрсаткич Уругвай терма жамоасига тегишли. Уругвай ушбу мусобақада 15 марта ғолиб бўлган. Энг яқин таъқибчилари эса Аргентина (14) ҳамда Бразилия (8) терма жамоалари ҳисобланади.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)