Миллиардерлар пойтахти деб ном олган Дубайда яшаш осонми? Ишлаш-чи? Даромадли иш топиш учун нималар қилиш керак? У ерда яшаш ва ишлашнинг ўзига хос қонун-қоидалари ҳақида ҳозирда Дубайда яшаб, ишлаб келаётган ўзбекистонлик Мурод Комилов «Дарё»га сўзлаб берди.

Мурод Комилов 24 ёшда. Бухоро давлат университетини тамомлаган. Ҳозирда Дубайдаги Bianco компаниясида иш бошқарувчи сифатида фаолият юритади. Рус, инглиз ва форс-тожик тилларини мукаммал билади.

Фото: «Дарё»

Омадсизлик ортидаги имконият

Соҳам бўйича ўқитувчиман. Болаларга инглиз тилидан дарс бераман. Бакалаврни тамомлаганимдан сўнг, магистратурага топшириб, 9 та хорижий олийгоҳга қабул қилиндим. Сўнгра Италиянинг Ca’ Foscari университетини танлаб, қолганларига рад жавобини бердим. Афсуски, августда элчихонадан виза ололмадим. Яна ҳужжатларни бошқа давлат элчихоналарига топшириш учун анча кеч эди. Сабаби, ўқиш сентябрдан бошланарди. Хуллас, вақтдан ютқаздим. Кейин тақдирга тан бериб, дўстимнинг олдига — Дубайга келдим. Бошида саёҳат қилиш мақсадида борган бўлсам, кейинчалик бу ерда ишлаш истаги туғилди. Бир қанча ташкилотларга ҳужжатларимни топшириб кўрдим ва омадим келиб, ишга қабул қилиндим. Кейин Ўзбекистонга қайтдим. Компания менга ишчилар визасини юборганидан сўнг, яна Дубайга қайтиб, 2018 йилнинг декабрь ойидан фаолиятимни бошладим.

Фото: «Дарё»

Чиройли, иссиқ ва қиммат шаҳар ҳақида

Очиғи, тасаввуримдаги Дубай умуман бошқача эди. Масалан, араблар кўп, ҳамма араб тилида гаплашади, деб ўйлардим. Лекин бу ерда яшаб билдимки, шаҳарда арабларни учратиш қийин экан. Янада аниқроқ айтадиган бўлсам, мамлакат аҳолисининг 15 фоизигина араб, қолган 85 фоизини бошқа миллат вакиллари — филиппинлар, покистонликлар ва ҳиндлар ташкил қиларкан.

Иқлими ҳақида гапирганда, Дубайни жуда жазирама шаҳар дейишим мумкин. Араб денгизи атрофида жойлашгани учун иссиқ пайтлари буғ ҳосил бўлади ва, гўё, ўзингизни «ҳаммом»да юргандай ҳис қиласиз. Кислород камлиги боис, нафас олиш қийин. Тахминимча, ҳарорат +50 даража атрофида бўлади. Аммо иқлимини ҳисобга олмаганда, Дубай Бирлашган Араб Амирликларининг энг ривожланган, замонавий, саёҳатбоп шаҳри дейиш мумкин. Мамлакатда сервис соҳаси аъло даражада ташкил этилгани сабабли сайёҳлар сони йилдан йилга ортиб боряпти. Айниқса, бу ерга рус ва қозоқлар кўп саёҳат қилади.

Фото: «Дарё»

Жамоат транспортларида йўловчилар учун барча қулайликлар яратилган. Чипталар ҳам арзон, лекин таксиларининг нархи баланд. Масалан, километрига 2 доллардан тўлайсиз. Аммо яна бир тарафи борки, йўлкирани мамлакатдаги нарх-наво ва ойлик маошга қиёсласак, унчалик қиммат эмас. Афсуски, бу четдан келган мигрантлар, сайёҳлар учун яхшигина сарф-харажат дейиш мумкин.

Дубай халқи жуда бой. Маошлари баландлиги боис, пулга муҳтож жойи йўқ. Эшитишимча, агар мамлакатда фарзанд туғилса, унга банкда ҳисоб-рақам очилиб, давлат тарафидан пул қўйилади. У 18 ёшга кирганидан сўнг, пулни олиб ишлатиши мумкин. Яъни балоғат ёшига етгунига қадар боланинг таҳсил олиши ва яшашига етадиган пул жамғарилган бўлади.

Юқорида айтганимдек, шаҳарда арабларни учратиш қийин. Боз устига, улар ҳамма билан ҳам мулоқот қилавермайди. Лекин биз билан бирга футбол ўйнайдиганлар ичида араб йигитлар бор. Улар билан фақат ўйин пайтидагина гаплашамиз. Мени энг хурсанд қиладигани, Ал-Бухорий, Нақшбандий боболаримизни жуда яхши билишади, ҳурмат қилишади. Бу ерда ўзбеклар ва турклар кўплиги учун Наврўз байрами ҳам нишонланилади.

Фото: «Дарё»

Аҳолиси меҳмондўст. Ҳамма бир-бирига хушмуомала, ҳеч ким қўполлик қилмайди. Барчанинг тилида «Excuse me» (кечирасиз), «Sorry» (узр), «Please» (илтимос), «Thank you» (раҳмат). Жанжаллашиш, муштлашиш деган нарсанинг ўзи йўқ. Сабаби, уришган одамлар қаттиқ жазоланади. Агар  сиз ким биландир уришсангиз, ишингиздан айрилиб, депортация қилинасиз ва ортга қайтиб кетишингизга тўғри келади. Шу боис, ҳамма бир-бирига яхши муносабатда бўлиб, ҳиссиётларига эрк бермай яшайди.

Шу билан бирга Дубай жуда тартибли мамлакат. Ўзига яраша қонун-қоидалари бор. Арабми, ўзбекми, филиппинми, русми — фарқи йўқ. Қонун барча учун баробар. Бунга ҳамма бўйсунади. Масалан, автобусда овқат ейиш, сақич чайнаш мумкин эмас. Ҳатто рўза пайтлари кўчада овқатланиш тугул, сув ичиб ҳам бўлмайди. Ҳозир Рамазон ойи бўлганлиги учун маълум бир жойларда сув, овқат текин. Ички ишлар ходимлари ҳам ифтор пайтлари кўчаларда рўзадорларга сув тарқатиб юради.

Бундан ташқари, барча йўловчилар белгиланган жойлардан ўтиши керак. Агар йўл ҳаракати қоидаларини бузиб, тақиқланган жойдан ўтсангиз, 400 дирҳам (тахминан 100 доллар) жарима солинади. Тўғри, одатда сайёҳларнинг хатолари кечирилади, лекин ID (яшаш ҳуқуқини берувчи ҳужжат)ни олгандан кейин шундай қоидабузарлик қилсангиз, аниқ жарима тўлайсиз. Кейин автобус ва метрода махсус карточкалардан фойдаланасиз. Агар тартибни бузсангиз, яна 200 дирҳам (тахминан 60 доллар) жарима!

Бошида йўлни билмай автобус, метроларда кўп адашиб юрганман. Метрода аёллар ва эркаклар учун алоҳида бўлмалар бор. Эркакларнинг жойига аёллар бемалол  кириб ўтириши мумкин, лекин аёллар учун мўлжалланган қисмга эркакларнинг ўтиши тақиқланади. Бир куни мен ҳам билмай хотин-қизлар бўлмасига ўтиб қолганман. Қарасам — ҳаммаси аёллар. Ҳайрон бўлиб ўтираверганман. Бир неча бекатдан сўнг, бир аёл келиб менга: «Бу аёлларнинг жойи. Сен бу ерга кириб ўтиришинг мумкин эмас. Агар ҳозир сени полиция кўриб қолса, 200 дирҳам жарима солади», — деб айтган. Кейин дарҳол бошқа жойга ўтиб олганман. Яна бир қизиқ факт — БААда жума ва шанба дам олиш кунлари ҳисобланиб, иш ҳафтаси якшанбадан бошланади. Бошида бунга кўниколмай роса қийналганман.

Фото: «Дарё»

 Ишга кириш қоидалари

Бу ерга энди келган одамнинг биринчи уринишдаёқ, яхши маошли ва обрўли иш топиши қийин. Сабаби, барча жойда Дубайдаги иш тажрибангиз сўралади. Кўпчилик дастлаб официант бўлиб ишга киради. Ойлик 800—900 доллар атрофида. Лекин мени бу борада омадим келди. Италиянинг Bianco компаниясига менежер бўлиб ишга кирдим. Компания Madinat Jumeirah’даги Бурж ал Араб (бир кечаси 2 минг доллардан 20 минг долларгача) ва бир нечта бошқа меҳмонхоналар билан шартнома тузган. Шу ерда ходимларни назорат қилиб, бизнесини юритаман. Ойлигим 1500 доллар атрофида. Аста-секин ишимга қараб маошим ошиб бораверади.

Ростини айтганда, ҳиндлар ва филиппинлар кам пулга — 200-300 долларга ҳам ишлайверади. Бу эса бошқаларга юқори маошли иш топишда қийинчилик туғдиради. Мамлакатда маоши энг баланд иш менежерлик ҳисобланади. Масалан, ҳинд менежерлар 1200—1300 доллар, европаликлар эса 4000—5000 доллар атрофида маош олади.

Янги келганлар сотувчилик, официантлик ва меҳмонхоналарнинг қабулхонасида ишлаши мумкин. Билишимча, бу ерда йигитлардан кўра қизлар тез иш топиб кетади. Чунки дўконларда сотувчиликка, асосан, қизлар ишга олинади.

Дубайда иш куни 9 соатдан ошмаслиги керак. Рамазон кунлари иш соатлари қисқартирилади. Агар компаниялар бунга амал қилмаса, жарима тўлашига тўғри келади. Кейин яна бир шарти — ишга киргач, 6 ой давомида бир жойда ишлашингиз керак. Ёқмади деб ташлаб кетолмайсиз. Мабодо 6 ой бўлмасдан ишдан кетсангиз, визангизга муҳр урилади ва кейин 2 йил давомида виза ололмайсиз. Шунинг учун ярим йил бир жойда қўним топишингизга тўғри келади. Агар ишингизни яхши бажарсангиз, кейинги фаолиятингизда бу сизга катта ёрдам бериши мумкин. Масалан, мен менежерликда 2 йил ишлаб, кейин резюмейимга Дубайдаги энг қиммат меҳмонхоналардаги фаолиятимни, иш бошқарувчи эканлигимни ёзсам, бу менга янада юқори маошли ва обрўли иш топишимга ёрдам беради.

Ишга келмоқчи бўлганларга, аввало, инглиз тилини мукаммал ўрганишларини тавсия қиламан. Рус тилини билиш фойдадан холи эмас. Сабаби ойликка тил учун ҳам пул қўшилади. Иш борасидаги барча маълумотларни Linkedln’дан топиш мумкин.

Фото: «Дарё»

Таълим тизими

Дубайда дунёдаги топ университетларнинг асосий бинолари жойлашган. Мамлакатда тахминан 65 та коллеж ва университетлар бор. Лекин ўқиш нархи анча қиммат. Билишимча, 9-синфгача мажбурий таълим. Давлат мактаблари текин, лекин хусусийлари, юқорида айтганимдек, жуда қиммат. Масалан, боғчанинг тўлови йилига 10 минг доллар атрофида бўлса, мактабларда ўқиш нархи транспорт, форма ва бошқа харажатларни ҳисобга олмаганда 3500 доллардан то 18 минг долларгача. Энди университетларини-ку тасаввур қилаверинг. Лекин таҳсил давомида турли хил мусобақалар, танловлар ва кечалар уюштирилади. Хуллас, ўқиб зерикмайсиз.

Фото: «Дарё»

Ўқишга кириш қоидалари 

Ҳозир Британиянинг Бирмингем университетига магистратурага кирдим. Олийгоҳ дунё рейтинггида 79-ўринда туради. Ўқиш икки йўналишда олиб борилади, яъни доимий (қатнаб ўқиш) ёки масофий таълим. Диплом ва имтиҳон бир хиллиги боис, мен иккинчисини танладим. Шунинг учун аслида ўқиш нархи 23 минг доллар бўлса-да, менга 15 мингга тушяпти.

Магистратурага ўқишга кириш учун, аввало, 7 баллдан кам бўлмаган IELTS сертификати керак. Ичидаги reading (ўқиш), listening (эшитиш), writing (ёзиш) ва speaking (гапириш) босқичларидаги баҳоларингизнинг ҳеч бири 6,5 баллдан паст бўлмаслиги шарт. Яна университетдаги устозларингиздан иккита яхши recommendation letter (тавсиянома), CV (маълумотнома) ва нима учун бу ерда ўқишни хоҳлаётганингизни аниқ ва батафсил ёритиб берадиган мотивация хати ёзишингиз керак. Университетдаги дипломингизни ҳам таржима қилиб юборасиз ва сизга жавоб хати келади. Сизни танлаб олишаётганда баҳоларингизга ҳам эътибор қаратишади.

Бу жараёнда энг муҳими мотивация хатидир. Мисол учун, университетга мингта одам ўқишга ҳужжат топширади десак, уларда ҳам сизникидек ёки ундан ҳам юқори IELTS сертификати бўлади. Агар улардан 100 таси танлаб олинса, чиройли ва батафсил ёзилган мотивация хатингиз сизга муваффақият келтириши мумкин.

Фото: «Дарё»

Ўзбекистонни жуда кўп соғинаман

Ниятим — магистратурани тамомлаб, яна хорижда PhD (фалсафа фанлари доктори) даражасини олиш ва тезроқ юртимга қайтиш. Биласизми, мусофирчиликда яшаб шуни англадимки, минг ривожланган мамлакатда яшасангиз ҳам, барча нарсангиз муҳайё бўлса ҳам, лекин ҳеч қаер ўз ватанингиздай, юртдошларингиздай бўлмас экан. Ўзбекистонни жуда кўп соғинаман. Очиғи, баъзида ҳаммасига қўл силтаб ортга қайтгим келади, аммо ўқиш керак. Ишни ярим йўлда ташлаб кетиш эркак кишига хос эмас. Лекин мулоҳаза қилсак, мусофирчиликнинг фойдали томонлари жуда кўп. Масалан, бу ерда яшаб, ишлаб, жуда кўп нарса ўрганасиз. Шу қатори мен ҳам фаолиятим давомида сервис соҳасида катта тажриба тўплаяпман.  Чунки Дубайдан ўзлаштиришимиз керак бўлган жиҳатлар жуда кўп. Насиб этса, ўзимизда хусусий мактаб очишни режа қилиб юрибман. Бундан ташқари меҳмонхона, кафе, ресторан бизнесларини ҳам йўлга қўймоқчиман. Хуллас, ниятларим жуда кўп. Ўқишимни тамомлашим биланоқ, Ўзбекистонга қайтиб, ишга киришаман.