2—5 июнь кунлари Тошкент шаҳрида хоккей бўйича болалар ўртасида Tashkent Cup халқаро мусобақаси бўлиб ўтади. Бу ҳақда Жисмоний тарбия ва спорт вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
1 июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш кунига бағишланган мазкур мусобақада Ўзбекистон, Латвия, Қозоғистон ва Қирғизистондан жами 5 та жамоа иштирок этади.
Пойтахтдаги Humo Arena муз саройида ўтказиладиган халқаро мусобақа ғолиблиги учун «Рига» (Латвия), «Кайсар» (Қозоғистон) ва «Алга» (Қирғизистон) жамоалари билан бирга Ўзбекистоннинг «Бинокор» ва «Tashkent city» клублари ёш хоккейчилари ҳам даъвогарлик қилади.
Латвия ва Қозоғистон жамоалари ўртасидаги дастлабки ўйин 2 июнь куни эрталаб соат 9:00 да бошланиши белгиланган.
Мусобақа низомига кўра, барча жамоалар айланма тизимда икки даврада бир-бирлари билан тўқнаш келади. Энг кўп очко тўплаган жамоа ғолиб бўлади. Очколар бўйича тенглик юзага келган тақдирда, аввалига ўзаро учрашувлар, сўнгра голлар нисбати, киритилган ва ўтказиб юборилган шайбалар сонига мурожаат қилинади.
Эслатиб ўтамиз, 2—4 июнь кунлари Humo Arena’да ўтказиладиган хоккей учрашувларига кириш бепул.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)