Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди Шофиркон туманидаги «Шибирғон» МФЙ биносида, очиқ сайёр суд мажлиси бўлиб, ушбу суд мажлисида қўшмачилик билан шуғулланган аёлга ҳукм ўқилди. Бу ҳақда Жиноят ишлари бўйича Шофиркон туман суди раиси Жамолбек Жуманиёзов «Дарё»га хабар қилди.
Воқеа қуйидагича содир бўлган. Р. Достонова (исм-шарифлар ўзгартирилган), 2018 йил 17 февраль куни тахминан соат 20:00 ларда ўзи истиқомат қилиб келаётган Шофиркон тумани «Шибирғон» маҳалла фуқаролар йиғини, «Шибирғон» қишлоғида жойлашган яшаш хонадони ётоқхонасида ғаразли ва паст ниятларда фуқаролар А. Билолова ҳамда Ж. Шариповга ўзаро жинсий алоқада бўлишлари учун шароит яратиб бериб, эвазига А. Билоловадан 10 000 сўм миқдордаги пулни олиб фоҳишахона сақлаш жиноятини содир қилган.
Судланувчи Р. Достонова суд мажлисида айбига тўлиқ иқрорлик билдириб, у 2018 йил 17 февраль куни соат тахминан 17:00 ларда ҳамқишлоғи Ж. Шариповга қўнғироқ қилиб, ҳақ эвазига жинсий алоқа қиладиган дугонаси бўлса айтишини билдирганлиги учун уйида унга нотаниш аёл келганлигини, моддий манфааат эвазига жинсий алоқа қилишга мойил бўлганлигини, агар келса Азиза билан ўзаро гаплашиб уйида жинсий алоқада бўлиши мумкинлигини билдирганидан сўнг соат тахминан 19:30 ларда Жамшид уни уйига келганини ва Жамшид ундан Азизанинг хизмат нархини сўраганида у Жамшидга Азизани хонасини кўрсатиб, Азизани ўзи билан гаплашишини айтганини тан олган. Шундан сўнг уларга шароит яратиб бериб, эвазига Азиза унга Жамшид берган 30 000 сўмдан 10 000 сўм пул маблағи берганини, 2018 йил 18 февраль куни соат тахминан 9:00 ларда ҳудуд профилактика инспектори Ё. Салимов яшаш уйига 2 нафар холислар билан келиб, номақбул ишлар учун шароит яратиб бериб, 10 000 сўм пул олганлигини, ушбу пулни ўз ихтиёри билан тақдим қилишини билдиришганидан сўнг у 3 дона 10 000 сўмлик купюрадан 30 000 сўм пул маблағини профилактика инспекторига тақдим қилганини, ҳозирда қилмишидан пушаймондалиги ҳақида кўрсатув бериб, аёллигини инобатга олиб унга нисбатан қонуний енгиллик беришни сўради.
Достонова ЖК 131-моддасининг 2-қисми билан айбли деб топилди ва унга шу моддага асосан ЖКнинг 57-моддасини қўллаб, ойлик иш ҳақининг 10 фоизини давлат даромадига ушлаб қолиш шарти билан 1 йил аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси тайинланди.
Достоновага ЖКнинг 72-моддаси қўлланилиб, аҳлоқ тузатиш ишлари жазоси шартли ҳисобланиб,1 йил синов муддати белгиланди.
Достоновага яшаш жойи ўзгариб қолса, бу ҳақда унинг хулқи устидан назорат олиб борувчи органга хабар бериб туриши, муайян жойларда бўлмаслик, вақти-вақти билан ИИБдан рўйхатдан ўтиб туриш мажбуриятлари юклатилди.
Изоҳ (0)