Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Адлия вазирлигининг юридик коллежларига 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари қабул қилинмайди. Бу ҳақда 22 май куни Миллий матбуот марказида ўтказилган анжуманда Тошкент давлат юридик университети проректори Дилшоджон Умаров маълум қилди.

Фото: Тошкент давлат юридик университети

Фото: Тошкент давлат юридик университети

«Адлия вазирлиги тузилмасидаги 14 та юридик коллежга 2019/2020-ўқув йилидан бошлаб 9-синф битирувчилари эмас, 11-синф, академик лицей ва касб-ҳунар коллеж битирувчилари саралаб олинади. Улар коллежга давлат хизматлари, кадрлар масалалари, аграр сектор, шартномавий масалалар, нотариат, адвокатура, ижро иши бўйича юрист мутахассисликлари бўйича тўлов-контракт асосида ўқишга қабул қилинади. Ўқиш даври — икки йил», — деди проректор.

Дилшоджон Умаровнинг қўшимча қилишича, кам таъминланган оилалар ва кўзи ожиз абитуриентлар ҳамда меҳрибонлик уйларининг тарбияланувчилари махсус ажратилган ўринларга давлат гранти асосида қабул қилинади.

Юридик коллежларга қабул қилиш ҳақидаги аризалар 1 июндан 20 июнгача (шу куни ҳам) қабул қилинади. Имтиҳон 1—10 июль кунлари ‘Ҳуқуқшунослик’ (100 баллгача) ва ‘Она тили ва адабиёти’ (50 баллгача) фанидан ёзма шаклда бўлиб ўтади. Ҳар бир фан бўйича ёзма имтиҳон учун белгиланган энг юқори баллдан 55 фоизини ёки ундан камни тўплаган, шунингдек, белгиланган вақтда ёзма имтиҳонга келмаган абитуриентлар қабул қилинмайди.

Анжуманда таъкидланишича, Тошкент давлат юридик университети бакалавриатига 2020/2021-ўқув йилидан бошлаб юридик коллежлари битирувчиларининг 30 фоизи йўлланма асосида тест синовларисиз, фақат суҳбат ўтказиш орқали қабул қилинади. Ўқиш даври уч йил бўлиб, ўқиш тугаганидан сўнг уларга тақсимотга мувофиқ уч йил давомида узлуксиз ишлаб бериш мажбурияти қўйилади.

Йўлланма махсус комиссия орқали берилади. Унга кўра, комиссия юридик коллеж битирувчисини ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини, шунингдек, маънавий-ахлоқий фазилатларини аниқлаш учун суҳбатдан ўтказади. Бунда битурувчининг ўқув фанларидан кўрсатгичлари 71 ва ундан ортиқ фоизни ташкил қилиши, фаоллиги ва намунали хулқ-атворга эгалиги ҳисобга олинади.

Изоҳ
Асосий янгиликлар