«Манчестер Сити» бош мураббийи Хосеп Гвардиола келаси мавсумда «Ювентус»ни бошқариши мумкин. Бу ҳақда журналист Федерико Женнарелли хабар берди.
Унинг маълум қилишича, ҳар икки томон ҳам шартнома шартларини келишиб олган. Гвардиола Италия клуби билан 4 йиллик шартнома имзолайди.
Аввалроқ «Ювентус» бош мураббийи Массимилиано Аллегри истеъфога чиқарилиши ҳақида хабар берилганди. У клубни сўнгги 5 йил давомида бошқарди.
Маълумот учун, испаниялик мутахассис «Манчестер Сити»га 2016 йилнинг ёзидан буён мураббийлик қилиб келмоқда. У 3 йил ичида клуб билан 6 та совринни қўлга киритди — 2 марта Англия чемпиони, 2 бор мамлакат лига кубоги ҳамда Суперкубогини қўлга киритди. 48 ёшли мутахассиснинг «шаҳарликлар» билан тузган шартномаси 2021 йилнинг ёзида тугайди. Бунга қадар Гвардиола «Барселона» ва «Бавария» клубларини бошқарган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)