АҚШ Қуролли Кучлари резервдаги офицерларни тайёрлаш корпусининг бир гуруҳ курсантлари Ўзбекистон олий ҳарбий таълим муассасаларида бўлиб, бўлғуси офицерлар билан ўзаро тажриба алмашмоқда, бу ҳақда Мудофаа вазирлиги «Дарё»га маълум қилди.
Олдин хабар берганимиздек, америкалик курсантлар Қуролли Кучлар академиясида ўтказилган анжуманда қатнашган эди. Шунингдек, меҳмонлар Мудофаа вазирлиги Ахборот-коммуникация технологиялари ва алоқа ҳарбий институти ҳамда Чирчиқ олий танк қўмондон-муҳандислик билим юртида ҳам бўлди. АҚШлик курсантларга дастлаб билим юрти фаолиятини акс эттирувчи тақдимотлар намойиш қилинди. Меҳмонлар таълим жараёни, ўзбекистонлик тенгдошларининг ҳарбий таълим олиши учун яратилган шароитлар билан яқиндан танишди. Ушбу учрашув аввало икки давлат ёшларининг ўзаро фикр алмашиши, эркин ва дўстона мулоқоти учун замин яратди.
Америкалик меҳмонларга ҳарбий институт курсантлари билан биргаликда ўзбек миллий таоми — паловни пиширишлари учун имконият яратиб берилди.
«Тўғриси мен жуда катта таассуротларга эга бўляпман. Биринчиси, курсантларнинг билимли ва хушмуомалалиги мени қойил қолдирган бўлса, кейингиси мамлакатингизнинг минг йиллик тарихга эга маданияти қизиқишимни янада оширди», — дейди Флорида университети курсанти Жулисса Рожас.
Таъкидлаш керакки, АҚШ қуролли кучлари вакиллари уч ҳафта давомида ўзбекистонлик курсантлар билан ҳарбий, маданий тадбирлар, назарий ва амалий машғулотлар орқали ўзаро тажриба алмашишлари кўзда тутилган.
Шунингдек, хорижлик меҳмонлар ўзбекистонлик курсантлар томонидан полигонда бажарилган амалий машғулотларини кузатиб, ўзаро фикр алмашди.
Изоҳ (0)