Қирғизистоннинг Ўш шаҳридаги Қирғиз-ўзбек университети ташаббуси билан халқаро дўстлик фестивали бўлиб ўтди. Бу ҳақда Андижон давлат университети матбуот котиби Шарофиддин Ҳошимжонов «Дарё»га хабар берди.
Унда Андижон, Наманган, Фарғона вилоятларидаги учала университет ва Қўқон давлат педагогика институти жамоалари ҳам қатнашди.
Дастлаб 7 та олий таълим муассасаларининг профессор-ўқитувчилари ва талабалари иштирокида спортнинг волейбол, стол тенниси турлари бўйича мусобақалар ташкил этилди. Меҳмонлар Қирғиз-ўзбек университетининг ўқув жараёни, бўлимлар фаолияти, инфратузилмаси ва моддий-техника базаси билан яқиндан танишди.
Фестиваль якунида концерт дастури уюштирилиб, дўстлик, Ватан ва меҳр-муҳаббатни мадҳ этувчи куй-қўшиқлар янгради. Айниқса, қирғиз бахшиси Идрис Айтбаев куйлаган терма қўшиқлар, талаба ва ўқитувчилар ижросидаги ўзбек ҳамда қирғиз халқ қўшиқлари-ю рақслари, ёшлар томонидан яратилган либослар намойиши иштирокчиларга ўзгача кайфият бағишлади. Шунингдек, спорт мусобақалари ғолиб ва совриндорлари ҳам муносиб тақдирланди.
Изоҳ (0)