Профессионал бокснинг WBC йўналиши апрель ойи учун янги рейтингини эълон қилди. Унга кўра, ўзбекистонлик тўрт нафар боксчи мазкур рейтингдан ўрин эгаллади. Бу ҳақда GoSport хабар берди.
Супер ўрта (-76,2 кг) вазн тоифаси вакили ўзбекистонлик Азизбек Абдуғофуров (12 та ғалаба, 4 та нокаут) янги рейтингда бир ой олдинги поғонасидан битта ўрин юқорилаб, 4-поғонадан жой эгаллади. WBC Silver камари соҳиби бўлган Азизбек яқин кунларда камарини ҳимоя қилади.
Ярим ўрта (-66,68 кг) вазн тоифасида рингга чиқаётган Қудратилло Абдуқаҳҳоров (16 та ғалаба, 9 та ғалаба) эса рейтингда бир ой олдинги ўрнини сақлаб қолди (4-ўрин). Айни вақтда у IBF рейтингида биринчи, WBO рейтингида эса 9-ўринни эгаллаб турибди.
WBC рейтингидан илк марта яна икки нафар ўзбекистонлик боксчи жой олди. Иккинчи ярим енгил (-55,34 кг) вазн тоифаси вакили Муроджон Аҳмадалиев (6 та ғалаба, 5 та нокаут) мазкур рейтингда 22-ўринда қайд қилинган бўлса, супер енгил (-63,5 кг) вазн тоифаси вакили Шаҳрам Ғиёсов (8 та ғалаба, 6 та нокаут) 34-поғонадан жой олган. Аҳмадалиев айни вақтда WBA йўналиши рейтингида 2-ўринни эгаллаб турган бўлса, Шаҳрам Ғиёсов ўз вазнида 14-поғонадан жой олган.
WBC йўналиши бўйича рейтингда ўзбекистонлик бошқа боксчилар ўрин олишмаган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)