Яқин-яқингача тадбиркорлар билан ўтказилган учрашувларда кўп бора такрорланадиган мавзу бу банклардан нақд пул олиш муаммоси эди. Бугунги кунда Ўзбекистон Президенти томонидан иқтисодий соҳада амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар боис, ушбу муаммо тўлиқ ҳал этилди. Бу ҳақда «Дарё»га Тошкент шаҳар ДСБ матбуот хизмати хабар берди.
Бироқ, яратилаётган имкониятларга қарамасдан баъзи тадбиркорлар ҳамон нақд пул тушумларини банк кассасига эмас, киссага уришга ҳаракат қилмоқда.
Жорий йилнинг апрель ойида Тошкент шаҳар давлат солиқ хизмати органлари томонидан 481 та объектда хронометраж кўздан кечириш тадбирлари ўтказилди. Натижада тушумлар миқдори олдинги кунлардаги ўртача бир кунлик тушумга нисбатан 1,9 миллиард сўмга ошди.
Жумладан:
– савдо объектларида 1428,5 миллион сўмга;
– умумий овқатланиш шохобчаларида 276,2 миллион сўмга;
– хизмат кўрсатиш объектларида 140,1 миллион сўмга;
– дорихоналарда 37,4 миллион сўмга;
– автомобилларга ёқилғи қуйиш шохобчаларида 32,6 миллион сўмга;
– тиббий хизмат кўрсатиш объектларида 1,1 миллион сўмга ошган.
Хронометраж тадбирлари давомида хўжалик юритувчи субъектларда 483 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишлаётгани аниқланди.
Жумладан, Тошкентдаги Олмазор тумани, Қора-Қамиш 2/5-даҳаси, Ўразбоев кўчасида фаолият юритаётган савдо шохобчасида ўтказилган хронометраж давомида 38,3 миллион сўм тушум амалга оширилиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 16,5 миллион сўмга ошди. Бундан ташқари, 18 нафар фуқаро белгиланган тартибда рўйхатдан ўтмасдан ишлаётганлиги аниқланди.
Ушбу ҳудуддаги Нозимахоним кўчасида жойлашган яна бир савдо марказида ўтказилган хронометраж давомида 70,9 миллион сўм тушум амалга оширилиб, бир кун олдингига нисбатан ўртача 50,5 миллион сўмга ошган.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 1 октябридан бошлаб, давлат солиқ хизмати органлари томонидан хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ўтказилган хронометраж натижаларига кўра охирги ҳисобот даври учун товар (иш, хизмат)лар реализациясидан камайтириб кўрсатилган тушумни ва ходимлар сонини қайта ҳисоб-китоб қилган ҳолда солиқларни ҳисоблашни амалга ошириш ҳақида талабнома юборади, камайтириб кўрсатиш такроран аниқланганда, ушбу ҳаракатлар солиқ тўлашдан бўйин товлаш сифатида малакаланади.
Изоҳ (0)