Beautiful People танишувлар сайтининг фойдаланувчилари дунёдаги энг «хунук» аҳолига эга мамлакатлар рўйхатини тузиб чиқди, деб хабар беради «Известия».

Фото: «Реалноe время»

Мазкур платформа «фақат чиройли инсонлар учун» деб номланади. Янги номзод рўйхатдан ўтган эски фойдаланувчилар рухсати билангина ресурсдан фойдалана олади. Хоҳловчилар ариза топшири лозим ва у 48 соат давомида кўриб чиқилади. Агарда фойдаланувчилар номзодни «чиройли» деб топмаса, сўров бекор қилинади.

Beautiful People 2002 йилда яратилган ва ҳозирга қадар бутун дунё бўйлаб 8,5 миллион одамга рўйхатдан ўтишга рухсат бермаган. Айни вақтда сайтдан бир миллиондан ортиқ одам фойдаланади.

Маълумотларга кўра, рўйхатдан кўпроқ Буюк Британия аҳолиси ўта олмаган. Британлар жаҳон аренасида тишларининг хунуклиги билан машҳур. Сайтнинг ижрочи директори Грег Хожнинг ҳисоблашича, британияликларнинг асосий муаммоси — ўзларининг ташқи кўринишига эътибор қаратмаслиги ва эринчоқлиги.

Шунингдек, сайт томонидан Россия, Польша, Ҳиндистон ва Филиппин эркаклари ҳам «хунук»лар қаторига қўшилган.