АҚШнинг Нью-Мексико штатидаги Аламогордо шаҳар полицияси 12 ёшли қизни автомобиль олиб қочиб, уни маст ҳолатда бошқаргани учун ҳибсга олди, деб хабар бермоқда The Independent.

Хабар берилишича, 12 ёшли қиз ва унинг уч дугонаси полициядан қочиб, чекланган тезлик йўл белгисига бориб урилгач, қўлга олинган. Қиз дугоналари билан бирга шаҳар айланиш учун бувасининг автомобилини олиб қочган эди.

Полиция ходимлари машинани болалар бошқараётган ва улар маст бўлиши мумкинлигини кутмаганини маълум қилди. Машинадан ароқ ва бошқа алкоголь маҳсулотлар топилгани айтилмоқда.

Полиция қизларни балоғат ёшига етмасдан алкоголь маҳсулотларини истеъмол қилганликда айблаб, ҳибсга олган. Машинани олиб қочган қизга эса, у автомобилни маст ҳолатда бошқаргани ва полициядан қочишга урингани учун, қўшимча жарималар белгиланган.

Шунингдек, полиция қизлар алкоголь ичимликларни қаердан олганини ҳам аниқлашни мақсад қилган. Қизнинг отаси полицияга уларнинг оиласида ҳеч ким алкоголь истеъмол қилмаслигини, агар қизи полиция маҳкамасида қолишига тўғри келса, бунга қарши эмаслигини билдирган.