Термизда давлат муассасаси шаклида Республика Бахшичилик санъати маркази ҳамда унинг ҳузурида юридик шахс мақомига эга бўлган Бахшичилик санъатини ривожлантириш жамғармаси ташкил этилади. Бу Президентнинг «Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарорида кўзда тутилган.

Фото: Беҳзод Абдужабборов

Марказнинг асосий вазифалари этиб қуйидагилар белгиланди:

бахшичилик санъатининг илмий-назарий ва амалий асосларини чуқур ўрганиш ва мустаҳкамлаш;

соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари, «устоз-шогирд» анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш;

бахши-шоирлар, фолклоршунос олимлар, ўқитувчи ва мутахассисларнинг ижодий ва илмий фаолиятини қўллаб-қувватлаш;

маданият марказлари, болалар мусиқа ва санъат мактаблари ва бошқа таълим муассасалари қошида бахшичилик санъати тўгаракларини ташкил этиш;

бахши-шоирлар ижодига кенг йўл очиб бериш, оммавий байрамлар ва маданий тадбирларда уларнинг фаол иштирокини таъминлаш;

бахшичилик санъатининг сара намуналарини тўплаш ва фондини яратиш, уларнинг аудио ва видео вариантларини кўпайтириш, бу соҳани кенг тарғиб этиш учун ахборот-коммуникация технологияларидан, телевидение ва Интернет имкониятларидан самарали фойдаланиш;

бахшичилик санъати йўналишида халқаро ҳамкорликни кучайтириш, бу борада ўзаро тажриба алмашишни йўлга қўйиш, жумладан, турли халқаро анжуманлар ва танловлар, концертлар ва маҳорат дарсларини ташкил этиш.

Маданият вазирлигига:

ЮNESКО ишлари бўйича Миллий комиссия билан биргаликда бахшичилик санъатини ЮNESКО Инсоният номоддий маданий меросининг репрезентатив рўйхатига киритиш бўйича чора-тадбирларни амалга оширсин;

Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликлари билан биргаликда Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Хоразм вилоятларида бахшичилик санъати давлат ансамбллари, ушбу санъат тури ривожланган бошқа ҳудудларда эса вилоят ансамблларини ташкил эцин;

тегишли ҳудудларда болалар мусиқа ва санъат мактаблари қошида бахшичилик санъати синфларини ташкил этиш топширилди.