2019 йилнинг 1 январь кунидан 13 майгача ҳайдовчилар автомобилда орқага ҳаракатланиш вақтларида пиёдаларни уриб юбориб, уларга тан шикастлари етишига сабаб бўлганликлари билан боғлиқ 18 та йўл-транспорт ҳодисалари Тошкент шаҳар ЙҲХБ ходимлари томонидан қайд этилди.
Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги 370-сон Қарори билан белгиланган Йўл ҳаракати қоидаларининг 63-бандига мувофиқ: транспорт воситасининг орқага ҳаракатланишида ҳайдовчи ҳаракат хавфсизлигини таъминлаши ва йўл ҳаракатининг бошқа иштирокчиларига ҳалал бермаслиги шарт. Зарур бўлганда ҳайдовчи бошқа шахслардан ёрдам сўраши керак.
Тошкент шаҳар ИИББ барча ҳайдовчиларни орқага ҳаракатланишдан олдин автомобиль орқасида ҳеч ким йўқлигига ишонч ҳосил қилишга ундади. Ҳайдовчи учун ойнага қараш ёки бошни орқага буришнинг ўзи етарли бўлмаслиги мумкин: ёш бола ёки ўтириб олган ёши катта шахс «кўр» ҳудудда бўлишлари мумкин. Шунингдек, шуни инобатга олиш зарурки, орқага қарагандан бир сониядан кейин пиёда ўтиб қолиши мумкин.
ИИББнинг огоҳлатиришича, Жиноят кодексининг 266-моддасига мувофиқ транспорт воситасини бошқарувчи шахс томонидан транспорт воситалари ҳаракати ёки улардан фойдаланиш хавфсизлиги қоидаларини бузиш баданга ўртача оғир ёки оғир шикаст етказилишига сабаб бўлса, у энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваригача миқдорда жарима ёки уч юз олтмиш соатгача мажбурий жамоат ишлари ёҳуд уч йилгача ахлоқ тузатиш ишлари билан жазоланади. Агар ўша қилмиш одамлар ўлимига сабаб бўлса, муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиб, ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Изоҳ (0)