Тошкент вилояти ИИБ ЙҲХБ ходимлари яна бир ташаббусни амалга оширди. Бу ҳақда ЎзА хабар беради.
Гап шундаки, улар йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлашга доир охирги йилларда қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўпламини ўзида жамлаган «Ўзбекистон Республикасида йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш юзасидан қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар тўплами»ни чоп этди.
Маълумки, ўтган йилларда тизимда туб ўзгаришлар содир бўлди. Хусусан, Президентнинг 2017 йил 10 апрелда «Ички ишлар органларининг фаолияти самарадорлигини тубдан ошириш, жамоат тартибини, фуқаролар ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлашда уларнинг масъулиятини кучайтириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони ва 2017 йил 11 июлда «Йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, Вазирлар Маҳкамасининг бир қатор меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари амалиётга жорий этилмоқда. Булардан мақсад, давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати органлари олдига қўйилган халқ манфаатларини ҳимоя қилишдек улкан вазифалар ва топшириқларни бажариш.
Шу каби мақсад ва вазифаларни бажаришда қонунийликни таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ҳамда уларнинг шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилиш, йўл ҳаракати иштирокчиларига ўз вақтида ва сифатли турли ёрдамлар кўрсатиш сифатини ошириш ва бу борада ходимларнинг малакасини юксалтириш мақсадида тайёрланган китоб айни пайтда тизимдаги ходимларга етказиб берилди.
Бу китоб йўл ҳаракати хавфсизлиги ходимларининг билмини оширишда жуда муҳимдир. Шунингдек, фуқаролар ҳам уни ўқиб, тизимдаги янгиликлар, сўнгги ўзгаришлар билан танишиши мумкин бўлади.
Изоҳ (0)