Сурхондарё вилояти Узун тумани «Меҳнат» маҳалласида яшовчи 26 ёшдаги Чори Қайнаров Сариосиё туманидаги Шарқ Юлдузи маҳалласида яшайдиган Рустам Эсанов ва Тошкент вилояти Зангиота тумани Эшонгузар маҳалласида истиқомат қилаётган Содиқ Очилов (исм-шарифлар ўзгартирилди)ларни Корея Республикасига ишга юбораман, деб 8 минг долларга «ухлатади». Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Ўтган йилнинг сентябрь ойидан буён хорижга ишга жўнаб кетишни интиқлик билан кутган Р.Эсанов ва С.Очилов чув тушганларини билиб Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлигининг «Ишонч телефони»га мурожаат этади. Ёлғон ваъдаларга учиб, алданиб қолишганини маълум қилади.
Айни пайтда Ч.Қайнаровга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 168-моддаси 3-қисми «б» банди билан жиноят иши қўзғатилди.
– Соддадил, ишонувчан халқмиз, – дейди вилоят ички ишлар бошқармаси матбуот хизмати раҳбари, капитан Ф.Тошбоев. – Лекин, гуруч курмаксиз бўлмайди, деганларидек атрофимизда фирибгарликка мойил шахслар ҳам учраб туради. Афсуски, айрим кишилар кутилмаганда ана шундай шахслар гирдобига тушиб қолганини жуда кеч англаб етади. Масалан, Жарқўрғон тумани Ободгузар маҳалласида яшовчи Тиловмурод Раҳимов, Расул Жиянов ва Соқчи маҳалласида яшайдиган Оллаберди Примовлар Қумқўрғон тумани Элабод маҳалласида яшовчи Соли Валиевнинг тузоғига илинади.
Мижозларини «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамиятининг ҳарбийлаштирилган қўриқлаш бўлимига ишга жойлаштириб қўйишни ваъда қилган С.Валиев 2016 йил октябрь ойида уларнинг ҳар биридан 2 минг 300 доллар миқдоридаги пулини олиб, ўз эҳтиёжлари учун сарфлаб юборади.
Мазкур ҳолат бўйича ҳам тегишли тартибда жиноят иши қўзғатилган.
Изоҳ (0)