«Дарё» мухбири Отабек Қўлдошев 30 апрель куни ижтимоий тармоқларда Қашқадарё вилоятининг Муборак туманидаги Қорақум қишлоғида шифокор чақирувга маст ҳолда боргани иддао қилинган видео тарқалиши билан боғлиқ ҳолат бўйича журналистик текширувини эълон қилгандан сўнг сайт таҳририятига ўқувчилардан «Қандли диабет билан касалланган бемор ҳақиқатан ҳам ўзини маст одамдай тутадими?» каби саволлар кела бошлади. «Дарё» колумнисти Сарвар Ғаниев бу саволга жавоб беради.

Фото: «Prozavisimost.ru»

Бизнинг хатти-ҳаракатларимиз, ўзимизни тутишимиз, жамият билан мулоқотга киришимиз ва борингки барча ҳаётий функцияларимиз мия фаолияти ва унинг бошқаруви маҳсули ҳисобланади. Шундай экан, масаланинг туб илдизи алкоголь ва қандли диабет ўз таъсирини кўрсатадиган мияда жойлашган. Инсоннинг қарор қабул қилиши, жамият олдида ўзини назорат қилиши, унда қабул қилинган нормаларга риоя қилишига бош мия пўстлоғининг префронтал қисми жавобгар.

Одам алкоголь истеъмол қилганда бу зонада қандай ўзгаришлар бўлади?

Этил спиртининг 10-20 грамм миқдори энг аввал мембранаси алкоголга сезгирлиги юқори бўлган дофаминли нейронларга таъсир кўрсатади. Бу эса ўз навбатида дофаминнинг активациясига олиб келади. Дофамин — ҳаракат фаоллиги, ижобий эмоцияларга жавоб берувчи нейромедиатор. Шунинг учун оз миқдордаги алкоголь кайфият кўтарилиши, дофаминнинг психостимулловчи эффекти туфайли чарчоқ тарқалиши каби ҳиссиётларни уйғотади. Лекин қани энди ичувчи шу билан чекланиб қолса. Ўртача миқдордаги алкоголь ўзида 20 граммдан 80 граммгача этил спирти сақлайди. Бу дозада эса ГАМК (гамма-аминомой кислота) кучли жавоб беришни бошлайди. ГАМК асосий тормозловчи медиатор ҳисобланади. Шу орқали алкоголнинг тормозловчи эффекти бошланади. Мана шу ерда биз кундалик ҳаётимизда кўрадиган мастларнинг хатти-ҳаракатлари нега бундай масъулиятсиз, бесўнақайлигига жавоб бор. Миядаги нейронлар фаолиятини ГАМК тормозлайди, улар эса, ўз навбатида, ўзлари жавобгар бўлган аъзо ва тўқималарга керакли импулсларни юбормайди. Натижада организмнинг функционал яхлитлиги бузилади.

Префронтал зонага қайтсак. Юқорида унинг назорат қилиш ва жамиятдаги нормаларни тан олиб, уларга бўйсунишга, қарор қабул қилишга жавобгар экани ҳақида айтиб ўтдим. Қабул қилинган алкоголь эса бу функцияларни тормозлайди. Яъни энди бу шахс ўзи ва жамият олдида жавобгарлик ҳиссини вақтинча унутади. Алкоголизмга ружу қўйганларнинг оиласида, шахсий ҳаётидаги кўнгилсиз ҳолатларни миядаги шу жараёнлар билан изоҳлаш мумкин. Албатта, алкоголь қабул қиладиган, лекин ҳеч кимга зарари тегмайдиган инсонлар ҳам бор. Бунга сабаб ҳар бир инсон мияси ва унда кечадиган биокимёвий жараёнларнинг индивидуаллигидир. Лекин, афсуски, улар жуда камчиликни ташкил этади.

Қандли диабетдаги мастлик аломатлари

Қандли диабет – меъда ости безида инсулин гормонининг етарлича ишлаб чиқарилмаслиги туфайли келиб чиқадиган ва қонда глюкоза миқдорининг ортиши билан кечадиган эндокрин касаллиги. Касаллик асосан қон томирлари ва нерв тизими толаларини зарарлайди. Бунда қон томирларининг ички қавати шикастланиб, қалинлашади ва томир ичида қон ҳаракати қийинлашиб, тромблар ҳосил бўлишига шароит пайдо бўлади. Натижада аъзо ва тўқималар озиқ моддалар ва кислород билан кераклича таъминланмайди. Мия ҳам бундан мустасно эмас. Мия қон томирларида ҳам худди шу ўзгаришлар кечади. Шу сабабли миянинг маълум қисмлари ишемия туфайли атрофияга учрайди. Атрофия — тўқима ҳажмининг камайиб, ўз функциясини бажара олмай қолиши. Организмда кислород танқислигига энг сезгир аъзо мия ҳисобланади. Қандли диабет мияда когнитив ўзгаришларни келтириб чиқарувчи патологияларни чақириши олимлар томонидан исботланган. Агар зарарланган зоналар префронтал ва фазодаги мувозанат, ҳаракатларнинг аниқлигига жавоб бервчи миячага тўғри келса, бу беморда алкоголь қабул қилмаган бўлса ҳам, мастлик аломатларини кўришимиз мумкин.

Қандли диабетнинг яна бир асорати — нерв тизими ва унинг толаларини озиқлантирадиган майда қон томирларининг касаллик туфайли шикастланишидан келиб чиқадиган диабетик нейропатия. Нейрон ва толаларнинг шикастланишига қараб унинг сезувчи, сезги-ҳаракат ва вегетатив турлари бор. Сезувчи турида сезги ҳиссиёти бузилади, сезги-ҳаракат турида бир вақтнинг ўзида ҳар икки функция бузилади вегетатив турида қорачиқ функциясининг аномалиялари, тер ажралиши дисфункцияси ва ички органларнинг вазифаларининг бузилиши билан кечади. Кўп йиллар давомида қандли диабет билан касалланган беморларда буларнинг ҳар бирини учратиш мумкин.

Диабетик нейропатиянинг энг кўп учрайдиган асоратларидан бири оёқлар ва қўлларда сезгининг пасайиши ва йўқолишидир. Шунинг учун ҳам қандли диабет билан касалланган беморлар оёқларини куйдириб олса ҳам, бирор жойда уриб травма олганда ҳам оғриқни сезмайди. Шу сабабли травма олганини сезмасдан, тўқималари некрозга учрагани учун  оёқлари ампутация қилинган беморларни етарлича топпиш мумкин.

Энди мақолага қайтсак.

Ўша куни воқеа иштирокчиси бўлган қўшниси Наргиза Қурбонова шундай дейди: «Тез ёрдам шифокори уйга киришда эшикка суяниб, оёғидаги «тапочка»сини ечишга уриняпти, аммо ўша оёғида оёқ кийим йўқ эди. Шу даражада мастлигидан бир оёғида оёқ кийим йўқлигини ҳатто сезмади ҳам. Damas’дан тушаётганда бир пой оёқ кийимини машинада қолдирган шекилли, уйга бир пой оёқ кийимда кириб келди. Кейин қўшнилар шифокорга оёқ кийимингизни ечгансиз деганди, ўшандан кейин ичкарига кирди».

Юқоридагиларга асосланиб, тез ёрдам шифокори Эшмамат Ботировда ҳам диабетик нейропатия ривожланган деган тахминга келиш мумкин.

Видеода шифокордан ёқимсиз ҳид келаётгани ҳақида айтилган. Қандли диабет билан касалланган беморлардан ҳам қўланса ҳид келади, агар уларда диабетик кетоацидоз ривожланган бўлса. Бу нима ўзи? Агар организмга инсулин етишмаса, у глюкозани энергияга айлантира олмайди. Шундан сўнг у керакли энергияни ёғлардан ола бошлайди. Бадбўй ҳид берадиган кетон таначалари эса ёғларнинг катаболизмининг маҳсулоти ҳисобланади. Улар тер ва сийдик билан ажралиб чиқади ва ўзига хос ҳид беради. Бу қачон ривожланади? Қабул қилинаётган инсулин миқдори жуда кам бўлса, инсулин қабули ўтказиб юборилса, жуда кўп углеводлар истеъмол қилинса, инфекциялар, ҳаддан ташқари кўп алкоголь истеъмол қилганда. Тез ёрдам шифокори инсулин қабул қилиш қилмаслиги мен учун қоронғу, лекин бир кун олдин тўйда спиртли ичимлик ичганлигини ҳисобга олсак, унда диабетик кетоацидоз ривожланганлигини тахмин қилиш мумкин.

Мен шифокорни оқлаш тарафдори эмасман. Ўзи врач бўла туриб, соғлиғига эътибор бермагани ачинарли албатта. Қандли диабети бўла туриб алкоголь истеъмолини тўхтатмагани мени таажжубга солди. Эшмамат Ботиров ўша куни ростдан ҳам спиртли ичимлик ичганми, йўқми, буни аниқлаш учун гувоҳларнинг сўзларидан бошқа асосли факт йўқлиги халақит беради. Ўша куни қон таркибидаги алкоголь миқдори аниқланганда ва қандли диабетнинг асоратлари ҳақида лаборатор-инструментал текширувлари ўтказилганда мақсадга мувофиқ бўлар эди. Бу ташхис билан врачлик фаолиятини юритаётган ҳамкасбларимиз кўплаб топилади. Қандли диабет учун адекват терапия белгиланган ва парҳезга амал қилиб юрадиган шифокор бемалол касаллар билан ишлаб юриши, тўғри ташхис қўйиши мумкин. Нима бўлган тақдирда ҳам шифокор ишдан бўшатилди.

Танганинг тескари томони

Энди эътиборингизни масаланинг бошқа томонига қаратмоқчиман. Врач ўз ишига масъулиятсизлик билан қарагани ҳақида хабарлар чиқса жамоатчилик жунбушга келади. Аммо ўз ҳаққини талаб қилишни биладиган, жунбушга келадиган халқ соғлиғи учун сидқидилдан хизмат қилиб келаётган шифокор бемор ёки унинг қариндошлари томонидан калтакланса бу ҳақда саноқли ОАВ, блогерлар, шифокорлар ёзиб чиқади. Нима учун бундай ҳодисаларга жамоатчилик бефарқ? 10 йиллаб ўқиган малакали, ўз ишининг устаси бўлган шифокорлар Ўзбекистонни ташлаб чет элга ишлаш учун чиқиб кетаётганинг сабабларидан бири — уларнинг ҳақ-ҳуқуқлари қонун билан мутаҳкамлаб қўйилмагани. Кадрлар танқислиги муаммоси шундоқ ҳам Ўзбекистонни танг аҳволга солиб қўйганига ҳар куни гувоҳ бўламиз. Яхши врачни одамлар йиллаб излайди. Врач қилган масъулиятсизлиги учун жавоб беради. Лекин масъулиятсиз фуқарочи? Милиция ходимлари, ҳарбий хизматчилар ўзини ҳимоя қилиши учун қуроллари, оддий фуқаронинг қонун билан белгилаб қўйилган ҳақ-ҳуқуқлари бор. Шифокордачи? Бизда ҳозир ўтган йилнинг август ойида чиққан «Соғлиқни сақлаш вазирлиги шифокорлар ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни кучайтиради» деган хабардан бошқа ҳеч нарса йўқ. Ҳар томонлама қулай шароитда ишлайдиган мутахассис ўз иш жойидан ажралиб қолмаслик учун жонини бериб хизмат қилади, ўз устида тинимсиз ишлайди. Чунки бу жой учун рақобатчилар жуда кўп бўлади ва мана шунда шифокорларнинг билимсизлиги, масъулиятсизлиги ҳақидаги хабарлар ҳам камаяди. Мен ҳам бўлажак шифокор сифатида билимимга яраша адекват ойлик берадиган, беморнинг қўлига қаратиб қўймайдиган, врач сифатида ҳуқуқларим қонун билан мустаҳкамланган жойда ишлашни хоҳлайман. Матлуба Ибрагимованинг фарзандига эса шифо тилаб қоламан.