Қарши шаҳрида хизмат олиб бораётган мавжуд 62 та маҳалла фуқаролар йиғини профилактика инспекторларига UzGps дастурий таъминоти ўрнатилган Artel U5 русумли хизмат планшетлари топширилди. Бу ҳақда «Дарё»га вилоят ИИБ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Вилоят Ички ишлар бошқармаси томонидан тақдим этилган ушбу планшетлар орқали профилактика инспекторлари қаерда хизмат олиб бораётганини аниқлаш, хизмат фаолиятини доимий равишда назорат қилиб бориш ҳамда 24 соат давомида хизмат ҳудудларида бўлишларини таъминлаш кўзда тутилган.
«Планшетларга юкланган программалар орқали орқали келгусида фуқаролар профилактика инспекторларига мурожаат қилмоқчи бўлганида, ўзлари турган жойда қайси профилактика инспектори хизмат олиб боришини ва унинг телефон рақамлари, таянч пункти ёки хизмат уйининг манзили тўғрисида маълумот олишлари ёхуд тўғридан-тўғри ушбу тизим орқали тегишли профилактика инспекторига электрон мурожаат қолдириш имконига эга бўлади», — дейилади ИИБ матбуот хизмати хабарида.
Ҳуқуқбузарликларни профилактика қилиш, жиноятчиликнинг олдини олишни такомилаштириш борасида яратилган янги электрон ахборот тизим— «Профинспектор» дастурий таъминоти планшетларга ўрнатилиб, ушбу дастур базасини тўлдириш ишлари олиб борилмоқда.