Америкалик таниқли актёр, Калифорния штатининг собиқ губернатори Арнольд Шварценеггер ўзининг Instagram’даги саҳифасига Пеппердайн университетини тамомлаган ўғли билан тушган суратини жойлаштирди, деб хабар берди Forum Daily.
«Табриклайман, Жозеф! Пеппердайн университетида тўрт йил давомида бизнес соҳасини машаққат билан ўргандинг, бугун сенинг кунинг! Бугунги байрам сеники, мен сен билан фахрланаман. Сени яхши кўраман!», — деб ёзади актёр.
Жозефнинг ўзи ҳам битирув кечасида тушган суратини ижтимоий тармоққа жойлаштириб, ушбу кун нақадар муҳим эканлигини ёзиб қолдирган:
«Суратдаги мазкур университет ва одамлар сабабли мен ҳаётимнинг энг ёрқин йилларини шу ерда ўтказдим. Бу каби нуфузли университетнинг битирувчиси эканлигимдан фахрланаман. Эндиликда олдимда турган улкан йўлни ўз билимим билан бошлайман. Кўрамиз, бу мени қаерга элтаркан!».
Эслатиб ўтамиз, Жозеф Арнольд Шварценеггер ва унинг уйидаги оқсоч хизматкоридан никоҳсиз туғилган фарзанд ҳисобланади. Бу ҳақда 2011 йилда маълум бўлганди.
Изоҳ (0)