Давлат хизматлари агентлигининг Telegram-канали Ўзбекистон олий таълим муассасаларига қабул борасидаги 7 та факт ҳақида маълумот беради.
1. 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат олий таълим муассасалари бакалавриатига ўқишга кириш учун абитуриентлар Давлат хизматлари марказлари ёки my.gov.uz портали орқали мурожаат қилиш имконига эга.
2. Хорижий, хусусий ҳамда ҳарбий олий таълим муассасаларига, олий таълим муассасаларининг магистратурасига ҳамда олий таълим муассасалари махсус сиртқи таълим шаклларига ўқишга кириш учун абитуриентлар, шунингдек хорижий фуқаролар бевосита Олий таълим муассасаси ўзига ҳужжат топширади.
3. Абитуриентлар уларнинг доимий (вақтинча) рўйхатда турган жойидан қатъий назар, экстерриториал тамойил асосида исталган Давлат хизматлари марказига кеча-ю кундуз мурожаат қилиши мумкин.
4. Олдинги ўқув йиллари битирувчилари май ойидан июнь ойининг ярмигача ҳужжат топширишлари мумкин.
Жорий ўқув йили битирувчилари эса июнь ойининг иккинчи ярмидан июль ойининг охирига қадар топшириш имконига эга.
5. Давлат хизматлари марказига қуйидаги ҳужжатларнинг асл нусхаси тақдим этилади:— фуқаролик паспорти (мавжуд бўлмаса, ички ишлар бўлимлари томонидан берилган 09-шакл бўйича жисмоний шахснинг шахсий идентификацион рақамини кўрсатган ҳолда маълумотнома);— паспорт ёшига етмаганлар учун туғилганлик тўғрисидаги гувоҳнома;— умумий ўрта таълим (11-синф негизида) ёки ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасасини тугатганлиги ҳақидаги ҳужжат (иловаси билан);— Ўзбекистон Республикаси Президентининг ҳамда Вазирлар Маҳкамасининг норматив-ҳуқуқий ҳужжатларида белгиланган тартибда имтиёзга эга бўлган абитуриентлар имтиёз ҳуқуқини тасдиқловчи ҳужжат.
6. Абитуриент бир вақтнинг ўзида ўқитишнинг бир шакли доирасида учтагача олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлаши мумкин. Бир нечта олий таълим муассасаси (таълим йўналишлари)ни танлашда имтиҳон топшириладиган фанлар мажмуаси ва кетма-кетлиги мос бўлиши шарт.
7. Абитуриент имтиҳон натижаларига кўра олий таълим муассасасига қабул қилинган тақдирда Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган низомда кўрсатилган ҳужжатларнинг асл нусхаларини тегишли олий таълим муассасаларига ўқув йили бошлангунга қадар тақдим этади.
Изоҳ (0)