Мажбурий ижро бюроси вилоят бошқармаси ва Самарқанд шаҳар бўлими ходимлари ҳамкорлигида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи фуқаро О.Усмоновнинг мурожаати юзасидан тезкор тадбир ўтказилди. Бу ҳақда МИБ матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Маълум бўлишича, вилоят бўйича газ таъминоти ҳудудий филиали туманлараро 1-сонли газ таъминоти участкаси бир қаватли уйларнинг газ ускуналарини ишлатиш ва таъмирлаш бўйича чилангари вазифасида ишловчи М.Сувонқулов қилмишлари фош этилди. «Сўфи Розиқ» маҳалласида жойлашган О.Усмоновнинг отаси О.Бегимовга тегишли бўлган новвойхона олдин Мажбурий ижро бюроси ходимлари томонидан тармоқдан узилган эди. Лекин М.Сувонқулов газ тармоғига қайта улаб бериш ваколатига эга бўлмаса-да, алдаш йўли билан газ тармоғига улаб беришни ваъда қилган. «Хизмат ҳақи» эвазига эса 1 миллион сўм сўраган.
Келишилган вақтда О.Усмоновдан кимёвий ишлов берилган 1 миллион сўм пулни олиб, эгнидаги курткасининг чўнтагига солиб, воқеа жойидан кетаётган вақтида ашёвий далиллар билан қўлга олинган ва тегишли тартибда ҳужжатлаштирилган.
Мазкур ҳолат юзасидан Мажбурий ижро бюросининг Самарқанд шаҳар бўлими томонидан Музаффар Сувонқуловга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, Самарқанд шаҳар прокуратурасига юборилган.
Изоҳ (0)