Айни вақтда Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси делегацияси Польшада бўлиб, ватандошлар иштирокида ташкил этилган қўшма тадбирларда иштирок этмоқда. Бу ҳақда ЎзА хабар қилади.
Улар Польшанинг йирик туризм компанияларидан Rainbow, Itaka вакиллари ва «Варшава туризм уйи» президенти Анджей Шиманский билан ҳам учрашиб, Ўзбекистонда туризм соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, мамлакатнинг туризм салоҳияти ва имкониятлари хусусида мулоқот ўтказди.
Польшанинг йирик туризм компаниялари Ўзбекистонда сайёҳликни ривожлантириш юзасидан ўз таклифларини билдирди. Ўзбекистонга ташриф буюраётган сайёҳлар учун доимий равишда (24 соат) ишлайдиган чегара пунктлари ҳақида маълумотларни кўпайтириш, Ўзбекистонга бораётган польшалик сайёҳлар сони ортаётганлигини инобатга олиб, Варшава ва Тошкент шаҳарлари ўртасида тўғридан-тўғри авиарейсларни йўлга қўйиш шулар сирасидандир.
Варшава шаҳрида Ўзбекистон Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ва Ўзбекистоннинг Польшадаги элчихонаси ҳамкорлигида бу диёр аҳолиси учун Ўзбекистон сайёҳлик имконияти борасида тақдимот ҳам ўтказилди.
«Юртимизнинг ўзига хос жиҳатлари, олис тарихи ва бир-биридан қадимий шаҳарлари, Самарқанд, Хива, Бухоро, Термиз, Фарғона водийсининг сайёҳлик имкониятларига бағишланган видео тақдимот уларга манзур бўлди. Ўзбекистонда виза тартибини соддалаштириш борасидаги янгиликлар ҳам уларни қувонтирди. Тадбир иштирокчиларига миллий маҳсулотларимиз тадим этилди. Уларнинг юртимизга келиш, тарихий ва гастрономик имкониятларимизни кўришга бўлган қизиқиши ошгани юз-кўзида акс этиб турган эди», – дейди қўмита вакили Шерзод Султонов.
Учрашувлар якунида Польшанинг Умуммиллий туризм палатаси вакиллари Ўзбекистон хусусий сайёҳлик ташкилотлари уюшмаси билан ҳамкорлик меморандуми имзолашга тайёр эканлигини маълум қилди. Энг муҳими эса, Польшада 150 та филиали мавжуд бўлган Rainbow туризм компанияси билан Ўзбекистонда янги туризм йўналишларни ўрганиш ва ишлаб чиқиш учун инфо-тур ташкил этишга келишиб олинди.
Изоҳ (0)