Бугун,

  • USD 11014.01
  • RUB 191.8
  • EUR 10674.78

Андижон вилоятининг Хўжаобод педагогика ва ижтимоий-иқтисодиёт коллежида ўтказилган очиқ сайёр суд мажлисида адашиб диний экстремистик оқимга кириб қолган, бир неча йиллар давомида чет элларда юриб, чин дилдан пушаймон бўлиб Ўзбекистонга қайтган шахсга суд томонидан жазо тайинланди. Бу ҳақда вилоят суди судья катта ёрдамчиси Комроншоҳ Расулов хабар бермоқда.

Жиноят ишлари бўйича вилоят суди судьяси Илҳомжон Сотволдиевнинг маълум қилишича, сайёр суд мажлисида фуқаро Хайрулло Ҳамдамовга нисбатан жиноят иши халқ маслаҳатчилари, гувоҳлар ва Гулистон маҳалласида яшовчи аҳоли вакиллари иштирокида кўриб чиқилган.

Жиноят иши ҳужжатларини ўрганиш давомида судланувчи Ҳамдамов бир гуруҳ шахслар билан жиноий тил бириктириб, гуруҳ бўлиб, 1996–2006 йиллар мобайнида Хўжаобод туман ҳудудида ҳамда 2006–2010 йиллар мобайнида Россиянинг Калининград шаҳрида шу иш бўйича илгари судланган бошқа шахс томонидан ташкил этилган «Исломчи жиҳодчилар» диний экстремистик оқими жамоатига қўшилган. Айнан шу ерда бошқа шахснинг жамоат раҳбарлиги остида ташкил этилган диний дарсларда мунтазам равишда иштирок этиб, унда диний экстремизм, сепаратизм ва ақидапарастлик ғоялари билан йўғрилган ўзининг мазмунига кўра қирғин солишга, фуқароларни зўрлик билан кўчириб юборишга, аҳоли орасида ваҳима чиқаришга даъват этадиган «Ўзбекистон Ислом ҳаракати»нинг «Жундуллоҳ» студияси томонидан тайёрланган «Мурожаат» номли видеоролиги ҳамда бошқа шундай ғоялар билан йўғрилган маълумотлар билан танишиб, уларни кўриб, жамоат раҳбари кўрсатмаси билан тузилган «байтулмол» жамғармасига мунтазам равишда пул топшириб келган.

Бундан ташқари, Хайрулло Ҳамдамов 2000 йил март ойида фуқаролар тотувлигини бузиш, туҳматона, вазиятни беқарорлаштирувчи уйдирмалар тарқатиш ҳамда жамиятда қарор топган хулқ-атвор қоидаларига ва жамоат хавфсизлигига қарши қаратилган бошқа қилмишларни содир этишда диндан фойдаланишни кўзлаб фаолият юритган «Исломчи жиҳодчилар» диний экстремистик оқимнинг жамоат раҳбари бўлган. Шунингдек, «Мужоҳидлар қўлланмаси» номли дафтар шаклидаги қўлланма ва бошқа шундай ғоялар билан йўғрилган маълумотларни тарқатиш мақсадида ўзида сақлаб, уларни бир неча шахсларга тарқатган.

Бундан ташқари, Россиянинг Калининград шаҳрида яшаб келиши давомида 2014 йилда дастлабки тергов ва судда шахсини аниқлаш имкони бўлмаган «Василий, «Сергей» ва «Александр» исмли шахслар билан олдиндан жиноий тил бириктирган. Уларнинг ёрдамида Хўжаобод тумани ИИБ томонидан 1999 йил 25 октябрда берилган CЛ № 1117785 серия рақамли фуқаролик паспортига дунёнинг барча давлатларига чиқиш учун бериладиган рухсатнома ёзуви «стикер»ни расмийлаштирмасдан 2014 йилнинг май ойи ўрталарида Россиядан Польша орқали Германияга қонунга хилоф равишда ўтган.

Судланувчи Ҳамдамов судда, айбига қисман иқрорлиги ва қилмишидан пушаймонлигини билдириб, 1996 йилдан 2000 йилга қадар С.Соқиев, Б.Қодиров, А.Ғуломов, Б.Хўжамбердиев ва К.Комилов каби шахслар билан бирга Ю.Ариповдан диний сабоқ олганини билдириб, улар йиғилган вақтларда Афғонистон жангарилар лагерида бўлган шахслар ҳақида суҳбатлар борганини айтган.

Суд ҳукмига кўра, Хайрулло Ҳамдамов Жиноят кодексининг 244-1-моддаси (Жамоат хавфсизлиги ва жамоат тартибига таҳдид соладиган материалларни тайёрлаш, сақлаш, тарқатиш ёки намойиш этиш) 3-қисмининг «а» банди, 244-2-моддасининг (Диний экстремистик, сепаратистик, фундаменталистик ёки бошқа тақиқланган ташкилотлар тузиш, уларга раҳбарлик қилиш, уларда иштирок этиш) 1-қисми, 223-моддаси (Қонунга хилоф равишда чет элга чиқиш ёки Ўзбекистон Республикасига кириш) 2-қисмининг «б» банди билан айбли деб топилиб, жазоларни қисман қўшиш йўли билан ўташ учун узил-кесил 5 йил озодликни чеклаш жазоси тайинланди. Жазони ўташ даврида кечки соат 21:00 дан эрталабки соат 06:00 га қадар яшаш уйини тарк этиш, оммавий ва бошқа тадбирлар ўтказишда иштирок этмаслик, розиликсиз яшаш жойини ўзгартирмаслик, интернетдан фойдаланиш тақиқланди.

Изоҳ
Асосий янгиликлар