Термиз шаҳридаги ҳарбий қисмлардан бирида Жанубий-ғарбий махсус ҳарбий округи сержантлари форуми бўлиб ўтди. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
Шу муносабат билан ўтказилган тадбирда Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги масъул ходимлари, сержантлар, давлат ва жамоат ташкилотлари вакиллари қатнашиб, сержантлар таркибининг хизмат жараёнидаги ижтимоий-маиший ва бошқа турдаги муаммоларини ўрганиш ҳамда уларни бартараф этиш бўйича чора-тадбирлар муҳокама қилинди.
Тадбирда Кичик командирларга миллий армияни янада ислоҳ этиш ва ривожлантиришга оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талаблари ҳамда устувор вазифаларни мазмун моҳиятини етказиш, бўлинмада жанговар тайёргарлик ҳисобини юритиш тартиби, шунингдек, жиноятчилик ва ҳарбий интизомни мустаҳкамлашда сержантлар таркибининг тутган ўрни ва роли бўйича вазифаларини етказишга эътибор қаратилди.
Тадбирнинг биринчи кунида турли машғулотлар, савол-жавоб тарзида учрашувлар ўтказилиб, барча қатнашчиларнинг фикр ва мулоҳазалари тингланди.
Иккинчи куни эса, компьютерлаштирилган тренажёрлардан фойдаланган ҳолда отиш машқлари, психологик чидамлилик тўсиқларини енгиб ўтиш, шахсий таркиб кундалик фаолиятини таъминлаш ва омон қолиш омиллари бўйича полигонда амалий машғулотлар ўтказилди. Форум якунида ҳарбий хизматчилар маданий тадбирларда иштирок этди.
Шунингдек, бу каби Сержантлар форуми Тоифаланган объектларни қўриқлаш қўшинлари қўмондонлигида ҳам бўлиб ўтди. Сержантлар хизматининг аҳамияти борасида сўзланган маърузалар барчага бирдек маъқул бўлди.
Изоҳ (0)