Россиянинг StartRocket компанияси коинотда «орбитал билборд» каби ҳаракат қиладиган кубсатлар кластерини ишга туширмоқчи. Ушбу билбордда тунги осмонда, худди сунъий юлдуз туркуми каби катта рекламалар намойиш этилади ва биринчи мижоз PepsiCo бўлиши кутилмоқда, деб хабар беради Spot.
«Биз StartRocket салоҳиятига ишонамиз. Орбитал билбордлар — коммуникациялар бозоридаги инқилобдир», — деб ҳамкорликни тасдиқлади Россиядаги PepsiCo вакили Ольга Мангова.
StartRocket кичик сунъий йўлдошлар — тонгги ёки кечки шафақда ерга қуёш нурини акс эттирадиган кубсатлардан фойдаланишни режалаштирмоқда.
«Бизни брендлар ва воқеалар бошқаради. Supercup, Coca-Cola, Brexit, Олимпиада, Mercedes, ФИФА, Саприм ва Мексика деворлари. Иқтисодиёт — бу жамиятнинг қон айланиш тизими. Ўйин-кулги ва реклама унинг юрагидир», — деди лойиҳа раҳбари Влад Ситников.
Бу фикр инсонларнинг эътирозига олиб келди: жуда кам одам осмонда безовта қилувчи рекламаларни кўришни хоҳлайди. Олимларни ҳам бу ғоя ташвишга солмоқда.
«Бундай ижодий лойиҳаларни тижорат, илмий ёки миллий мақсадларсиз ишга тушириш ақлга сиғмайди», — деб таъкидлади Мичиган университетининг астрономия бўйича профессори Патрик Сейтсер.
StartRocket бу технологияни гелий баллонида синовдан ўтказди, бу эса рефлекторлардан бирини стратосферага олиб келди. Энди компания 2021 йилгача тизимни орбитага қўйишга тайёргарлик кўрмоқда. Рекламалар 20 минг доллар эвазига тунги осмонда саккиз соат намойиш этилади.
Изоҳ (0)