Жорий йилнинг 9 апрель куни Тошкент шаҳрида Савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича Ўзбекистон-Австрия ҳукуматлараро комиссиясининг 7-йиғилиши бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги PR-маркази хабар берди.
Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов ўз маърузасида икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликнинг кенг истиқболлари мавжудлигини таъкидлади.
Учрашувда Австриянинг етакчи компаниялари билан кимё саноати, фармацевтика ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш имкониятлари муҳокама қилинди. Банк соҳаси ҳам бу борада кам салоҳиятга эга эмас: олдиндан ўрнатилган алоқалар асосида Райффайзенбанк ва Австрия тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш кўзда тутилган.
Хорижий делегация раҳбари Франс Вессиг ўз навбатида австриялик компанияларнинг Ўзбекистонда бизнесни ривожлантиришга қизиқишини юқори баҳолади.
Учрашув якунида австриялик ва ўзбекистонлик компаниялар вакиллари ҳамда алоҳида B2B сессиялари иштирокида бизнес-форум ташкил этилди. Мазкур учрашувда юқорида айтиб ўтилган соҳаларда қатор лойиҳаларни амалга ошириш бўйича келишувлар имзоланди. Кейинги бизнес-форум жорий йилнинг кузида Вена шаҳрида бўлиб ўтади.
Изоҳ (0)